09.01.2025 20:08
BBC бош муҳаррири разведка агентликлари билан алоқадорликда айбланмоқда
BBCнинг Яқин Шарқ бўйича бош муҳаррири Раффи Берг ҳақидаги охирги маълумотлар жаҳон журналистикасида шов-шувга сабаб бўлди. "MintPress News" нашрининг тергов хабарига кўра, Берг АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) ва Исроилнинг Моссад агентлиги билан алоқадорлиги бўлиши мумкин.
Манбаларнинг маълум қилишича, Берг BBCдаги фаолиятига қадар CIAнинг Ташқи ахборот хизмати (FBIS)да ишлаган. У 2020 йилда Яҳудий телеграфига берган интервюсида разведка билан боғлиқ ишларини маълум қилган. Шунингдек, у Эфиопия яҳудийларининг Исроилга кўчирилиши билан боғлиқ Моссад махсус операцияси ҳақида китоб ёзишда юқори мартабали расмийлар билан яқин ҳамкорлик қилган.
BBC ходимлари анонимлик шарти билан Исроилни танқид қилувчи материаллар нашр қилинишидаги чекловлар ҳақида гапирган. Бергни Исроил ҳарбийлари содир этган воқеаларда сарлавҳаларни қўллаб-қувватловчи услубда ўзгартиришда айблашган.
Хусусан, Даун синдромли фаластинлик йигитнинг ўлимига оид хабарда BBC дастлабки сарлавҳада Исроил армиясининг ҳаракатларини тилга олмасдан, уни фақат "ёлғиз ўлим" сифатида кўрсатган.
Танқидларга қарамай, BBC раҳбарияти Раффи Бергни ҳимоя қилмоқда ва у билан боғлиқ масалаларда очиқ баёнот беришдан бош тортмоқда. Ҳозирда Ғарб ОАВлари Исроилни қўллаб-қувватлаш ва воқеаларни нотўғри ёритиш бўйича жиддий айбловларга дуч келмоқда.