АЗОН ЛОЙИҲАЛАРИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛАТ ЮЗАСИДАН БАЁНОТ
Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар, азиз дўстлар!
Бугун биз – “Азон Глобал” жамоаси муҳим бир баёнот билан сизга мурожаат қилмоқдамиз. Хабарингиз бор, “Азон” лойиҳалари асосчиси, таниқли уламо Устоз Мубашшир Аҳмад ҳозирда суд ҳукми билан ҳибсда сақланмоқдалар. Бу ишни бошидан бери кузатиб турганингиз учун тафсилотларга тўхталмоқчи эмасмиз.
Бу ҳукмнинг адолатли-адолатсиз экани ҳақида ҳам баҳс юритмаймиз. Зотан, бўлиб ўтган жараённи Холиқ ва халқ кўриб-кузатиб турди. Ҳақиқий ҳукмни мутлақ Ҳоким Зотга ҳавола қиламиз. Тарих бу борада ҳам ўз сўзини айтишига ишонамиз.
Устоз Мубашшир Аҳмад ҳибсга олинганларидан кейин бир нечта адвокатлар, жумладан Абдуллоҳ Содиқ ва унинг “VERUM LAW FIRM” адвокатлик фирмаси Устознинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бел боғлади.
Шу ўринда, Устознинг Туркиядан олиб келиниб, суд ҳукми ўқилгунига қадар у кишининг саломатликлари, тақдирлари ҳақида қайғуриб, ташвишу тасаллилар изҳор қилиб, дуолар билан қўллаб турганингиз учун сиз азизларга чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз. Ва, албатта, Мубашшир Аҳмаддек уламонинг қамалиб кетмаслиги учун жон куйдирган, елиб-югурган, ҳар турли дастак берган, бор имконини сафарбар этган, Устознинг ҳимояларида бутун билим ва салоҳиятларини ишга солган азизларимизга ҳам ташаккуримизни изҳор қиламиз. Аллоҳ барчаларининг ажрларини тўкис қилиб берсин!
Бундан ташқари, ёдингизда бўлса, суд ҳукми билан Azon Global — муқобил ахборот-таҳлилий канали фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланганди. Биласиз, суд Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм қилади. Шунинг учун биз – Azon Global медиа жамоаси, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашда ўз ҳиссамизни қўшиш учун, қонунга ҳурмат ва итоат юзасидан барча медиа фаолиятимизни тўхтатишга қарор қилдик. Бу оғир, аммо масъулиятли қарор бизнинг виждонимиз, устозимизга бўлган ҳурматимиз ва жамиятга бўлган садоқатимиз асосида қабул қилинди. Зеро, Устозимизнинг ҳам позициялари ҳар доим шундай бўлган: у киши ҳеч қачон давлатга қарши чиқмаганлар, аксинча, халқ ва давлат ўртасида маънавий кўприк бўлишга интилганлар.
Иккинчи маъмуриятнинг дастлабки эпкинларида юзага келган “Азон”нинг қисқа аммо сермазмун тарихига назар ташлаб, шуни ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Аллоҳга ҳамд бўлсин, “Азон” лойиҳаси ўз фаолияти давомида минглаб юртдошларимизга баҳоли қудрат илм, маърифат, руҳий мадад улашди. Юрт ичида ва ташида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мусулмон нуқтаи назаридан қараш ва шарҳлаш тажрибаси, кўникмаси ҳосил бўлишига кўмаклашди. Сиёсатга мусулмонлар ҳам аралашиши шарт ва зарурлигини кўрсатиб берди.
Бугун эса биз сукутни танладик — бу сукут норозилик эмас, балки сабр, мулоҳаза ва қонунларга бўлган ҳурмат ҳамда бугунинг тақозосидир. Эрта-бир кун вазият, шароит қандай бўлади – Аллоҳ билади.
Бизни ҳозиргача кузатиб-қўллаб келаётган мухлисларимиздан, барча юртдошимиздан бу ҳолатни тўғри тушунишини, ижобий қабул қилишини сўраймиз. Дуоларингизда Устоз Мубашшир Аҳмадни ва “Азон” лойиҳасини аввалбошдан то ҳозиргача моддий маънавий қўллаб турган, камарбаста бўлган барча-барчани эслаб туринг.
Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.