14.05.2025 08:42
32

Ҳаж ва Умра сафарларига ноқонуний юбормоқчи бўлганлар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ҳамда ички ишлар органлари томонидан Ҳаж ва Умра зиёратларини ноқонуний ташкил этишга уринаётган сайёҳлик компаниялари ва шахсларга қарши бир қатор тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу  ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, ДХХнинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ва ИИО ҳамкорлигидаги тадбирда туристик фирма ходимлари 3 нафар фуқарони иш визаси орқали Ҳажга юбориш эвазига ҳар биридан 7 минг доллар, 1 нафар фуқарони эса сайёҳлик визаси орқали юбориш учун 5 минг доллар талаб қилган. Жами 26 минг доллардан 20 мингини олдиндан олинган вақтида тўрт нафар шахс ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Фарғона вилоятидаги тадбир давомида Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ходими 2 нафар фуқарони Умра сафарига юбориш учун 2400 доллар, 3 нафар фуқарони Ҳажга юбориш учун эса 15 минг доллар олган вақтда ушланган.

Наманган шаҳрида 1999 йилда туғилган шахс ижтимоий тармоқларда Ҳаж сафари бўйича сохта эълонлар жойлаш орқали 3 нафар фуқаронинг ишончига кириб, ҳар биридан 4900 доллардан, жами 14 700 доллар олган пайтда қўлга тушди. Шунингдек, Чуст туманидаги туристик фирма раҳбари Умра сафари учун зарур лицензияга эга бўлмасдан, 3 нафар фуқарога сафари учун 1350 доллардан, жами 4050 доллар талаб қилиб, 4000 долларни олган вақтида ушланган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс 5 нафар фуқарони Ҳаж визаси асосида Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, жами 27 минг доллар талаб қилган. Олдиндан 13 500 долларни олган пайтда у ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ фуқароларга Умра сафарига боришдан олдин сайёҳлик фирмасининг Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилган махсус лицензияси борлигини текширишни тавсия этди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.