25.07.2025 10:49
271

Ахлоқсизлиги фош бўлиб қолган амалдор ишдан бўшатилди

Олдинроқ, ижтимоий тармоқларда давлат хизматчиси ўз хизмат хонасида аёл кишини қучоқлаб ўтиргани акс этган сурат тарқалганди. Унинг бу ахлоқсизлиги селектор йиғилишида кутилмаганда камерага тушиб қолган.

Ҳолат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги расмий муносабат билдирди. Унга кўра, хабарларда тилга олинган ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

“Вазирлик ўз тизимида хизмат интизоми ва одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига нисбатан мутлақо муросасизлик принципига амал қилади”, дейилади муносабатда.

Расмий муносабатда ушбу ходимларнинг шахси очиқланмаган.

Kun.uz’нинг аниқлик киритишича, селектор вақтида “қўлга тушган” бу амалдор Каттақўрғон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Абдураҳмон Алимов бўлади. У ушбу лавозимига тайинланишидан олдин шаҳардаги Оқолтин маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган.

Бошлиқнинг қучоғида ўтирган аёл ким экани ва қандай лавозимда ишлаши эса аниқланмаган.

Бу тизим ходимларининг ахлоқсизлиги билан боғлиқ илк ҳолат эмас. Сўнгги пайтларда бунга ўхшаш ҳолатлар кўп фош бўлиб қоляпти.  

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.