Туркманистон пойтахти Ашхобод аэропортида Миграция хизмати Россияга учаётган йўловчилар, асосан ёшларга рус тилида савол бериб, тушунмаган ва жавоб бера олмаганларни, барча ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан, қайтариб юбормоқда.

turkmen.news манбаларига кўра, 27 август куни олти нафар ёшга Москвага учувчи самолётга чиқишга рухсат берилмаган. Рад этиш сабаби тушунтирилмаган. Манбалардан олинган маълумотларга кўра, «юқоридан» қандайдир буйруқ бор - ёшларни Россияга ҳеч қандай йўл билан киритмаслик, улар Украинага жанг қилиш учун кетиши ёки Россияда ноқонуний ишлаш учун қолиши мумкинлигидан қўрқишмоқда.

Худди шундай ҳолат Туркияга парвозларда ҳам кузатилмоқда. «Хроники Туркменистана» маълумотларига кўра, 28 август куни 60 га яқин одам миграция хизмати паспорт назоратидан ўтказмагани учун Истанбулга уча олмаган.

Сўнгги йилларда Туркманистон ҳукумати фуқароларнинг чет элга чиқиш қоидаларини сезиларли даражада қаттиқлаштирди, бир қатор янги талаблар пайдо бўлди. Жумладан, Россияга сафар қилиш учун эндиликда нафақат таълим муассасасидан таклифнома ва ҳарбий муассаса (“военкомат”)дан маълумотнома, балки рус тили курсларини тугатганлигини тасдиқловчи ўқув марказларидан бирининг сертификати ҳам керак.

Бироқ одамлар курсларни тамомламай туриб, 1500 манатга (тахминан 75 доллар) сертификат сотиб олиб, тизимни четлаб ўта бошлаган. Натижада аэропортларда сертификати бўлганларга ҳам рус тилида саволлар бериш бошланган.

“Миграция хизмати ходимлари рус тилида саволлар беришди, йўловчилар эса уларга жавоб беришлари керак эди, - деди яқинда Ашхободдан Москвага учиб келган манба. - Саволларни тушунмаган ёки жавоб бера олмаганлар қайтариб юборилди".

Мавзуга алоқадор