07.01.2025 11:18
567

Асад режими ҲАМАСнинг юзга яқин аъзосини қатл қилган

Суриядаги собиқ Асад режими Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг 94 нафар етакчи ва аъзосини судсиз қатл қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда ҲАМАСга яқин манбаларга таяниб, Фаластиннинг "Ал-Қудс Ал-Араби" нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, Асад режими ағдарилганидан кейин Сурия хавфсизлик хизматларининг қароргоҳида топилган ҳужжатларда ҲАМАСга алоқадор шахсларни ҳибсга олиш ва жазолаш бўйича буйруқлар Асад ҳокимиятдан кетгунга қадар амал қилгани аниқланган.

2022 йилда ҲАМАС ва Асад режими ўртасида муносабатлар нормаллашган эди. Шу пайтда ҲАМАС “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳ воситачилигида озод қилиниши керак бўлган аъзолар рўйхатини тақдим қилган. Бироқ манбаларга кўра, Насруллоҳ рўйхатдаги шахслар аллақачон қатл қилинган бўлиши мумкинлигини билгани учун ҲАМАСга ҳеч қандай маълумот бермаган.

Фаластин ҳаракати Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан сўнг инқилобчиларни қўллаб-қувватлаб, ўз қароргоҳини Қатарга кўчирганди. ҲАМАСнинг Суриядаги маҳаллий аъзолари мухолифат сафига қўшилиб, Ярмук лагерини ҳимоя қилишда ҳам Асад кучлари, ҳам ИШИД жангариларига қарши курашган.

2024 йил декабрь ойида суриялик исёнчилар Дамашқни эгаллаб, Седная қамоқхонасидан ўнлаб ҲАМАС вакилларини, жумладан, Сурия бўлими бош раҳбарини озод қилишган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.