03.12.2024 10:51
АҚШ Хоразмда етим қизларни зўрлаб келган собиқ амалдорларга нисбатан санкциялар киритди
АҚШ Урганчдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан жинсий жиноятларда айбланган ўзбекистонлик уч нафар собиқ амалдорга қарши санкциялар эълон қилди. Бу ҳақда Gazeta.uz АҚШ Молия вазирлиги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармасига (OFAC) таяниб хабар қилди .
Меҳрибонлик уйининг собиқ раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Анвар Курязовлар «одам савдоси ва гендер зўравонлик, жумладан, давлат меҳрибонлик уйидаги болаларга нисбатан жисмоний ва жинсий зўравонлик»да айбланган.
«Юлдуз Худайбергенова, Анвар Курязов ва Ойбек Машариповлар давлат хизматчиси бўлиб ишлаганларида мунтазам равишда жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик ва болалар савдоси билан шуғулланган. Худайбергенова давлат меҳрибонлик уйи директори бўлиб турган вақтида камида уч нафар вояга етмаган қизни камида 10 ой давомида пул ва мол эвазига олти эркак билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. У уларнинг итоаткорлигини таъминлаш учун жисмоний зўравонлик, таҳдид, очлик ва изоляциядан фойдаланган. Машарипов ва Курязов меҳрибонлик уйи учун „совға“ эвазига болалар билан жинсий алоқа қилишни талаб қилган ва шу мақсадда муассасага мунтазам ташриф буюрган», — дейилади хабарда.
Учаласи ҳам бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига масъул шахсларни нишонга оладиган глобал Магнитский қонуни санкциялари рўйхатига киритилди.
Ушбу шахсларнинг АҚШда жойлашган ёки америкалик шахсларнинг назорати остидаги барча активлари ва мулкий манфаатлари музлатилади. Уларнинг улуши 50% ёки ундан юқори бўлган ҳар қандай компаниялар ҳам блокланиши мумкин.
Шу билан бирга, бу шахсларга АҚШ Давлат департаменти томонидан виза чекловлари қўйилди.
Россиялик ҳуқуқ маслаҳатчиси Сергей Магнитский номи билан аталган қонун 2012 йилда унинг тергов изоляторидаги ўлимига алоқадор шахсларни жазолаш учун қабул қилинган. Тўрт йил ўтгач, қонун «глобал» мақомини олди ва АҚШга бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини бузувчилар ва коррупционерларга қарши виза ва молиявий чекловларни жорий этиш имконини берди.