16.12.2024 09:32
АҚШ АЭС учун техник ҳамкор танлашда эҳтиёт бўлишга чақирди
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник мамлакат расмийларини биринчи атом электр станцияси учун техник ҳамкор танлашда “эҳтиёт бўлишга” чақирди, деб ёзмоқда "Известия". У ушбу огоҳлантиришни атом энергетикаси бўйича анжуманда тилга олган.
“Албатта, ҳамкорларни танлаш Ўзбекистонга боғлиқ. Биз технологияни тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқишда жуда эҳтиёт бўлишга, республика учун технологияларнинг энг яхши комбинациясини таклиф қиладиган, хавфсизлик ва бошқа масалалар бўйича яхши обрўга эга бўлган техник ҳамкорларни танлашга чақирамиз", - деди Жонатан Хеник.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат учун юкни мувозанатлаш имконини берадиган қайта тикланадиган манбалар ва атом энергияси симбиозини олиш ниҳоятда муҳим. Америка дипломатик миссияси раҳбари, шунингдек, “технологияларнинг энг яхши комбинациясини таъминлай оладиган компаниялар билан ҳамкорлик қилишга” чақирди, хусусан, Вашингтоннинг Тошкент билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Шу йилнинг май ойида Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Жиззах вилоятида олти блокли кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича келишув имзоланган эди. Июнь ойи бошида бўлғуси қурилиш бўйича биринчи йиғилиш бўлиб ўтди, хусусан, «Ўзатом» ва «Росатом» вакиллари қўшма лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган майдонни кўздан кечирди.
Биринчи блок 2029 йилда ишга тушиши мумкин, станциянинг умумий қуввати 330 МВтни ташкил қилади.
Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 25-мажлиси чоғида Россия томонидан Ўзбекистон ҳудудида кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ҳозирданоқ ишлаб чиқилаётганини ва бўлажак станция жойида тайёргарлик ишлари аллақачон бошланганини маълум қилди.
Минтақа учун жанг
Аҳолининг ўсиши ва саноат ривожланиши шароитида Марказий Осиё энергия танқислигига дуч келмоқда. Россия ядро технологиялари энг фойдали ва самарали эканлигини таъкидлаб, минтақада атом ва гидроэлектр станцияларини қуришни таклиф қилмоқда.
Бунга жавобан АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари экологик хавфсизлик ҳамда шамол ва қуёш электр станцияларидан фойдаланишга таянган ҳолда яшил энергия концепциясини фаол равишда илгари суришга ҳаракат қилмоқда.
Қозоғистонда ҳам атом электр станциясини қуриш бўйича музокаралар 10 йилдан бери давом этмоқда. Мамлакатда референдум ўтказилди, унда республика фуқаролари атом электр станцияси қурилишини қўллаб-қувватлади. Бироқ консорциум ва пудратчининг шакли ҳали аниқланмаган. Ушбу лойиҳага Россия, Ғарб давлатлари, шунингдек, Хитой ва Жанубий Корея қизиқиш билдирган.