14.01.2025 06:32

Али Қушчининг ўғлига тегишли асар Ўзбекистонга тақдим этилди

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ўз китоб хазинасини яна бир қимматли асар билан бойитди. Марказга буюк астроном ва математик Али Қушчининг ўғли Қози Абдураҳмон қаламига мансуб "Равнақ-ул бўстон" асарининг факсимиле нусхаси олиб келинди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, асар Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез томонидан тақдим этилган. Асарнинг асл нусхаси Истанбулдаги машҳур Аё София кутубхонасида сақланмоқда.

"Равнақ-ул бўстон" боғдорчилик ва мевали дарахтлар парваришига бағишланган бўлиб, унда меваларни етиштириш, сақлаш ва ниҳолларни парваришлашга оид қимматли тавсиялар берилган. Асар замонавий агрономия соҳасида ҳам ўзига хос ўринга эга бўлиши мумкин.

Айни пайтда асарни ўзбек тилига таржима қилиш ишлари ўзбекистонлик олимлар томонидан амалга оширилмоқда. Бу асарнинг юртимиз боғдорчилик анъаналарини ривожлантиришдаги илмий ва амалий аҳамияти юқори бўлиши кутилмоқда.

Мазкур асар Ислом оламидаги илмий меросни ўрганиш ва уни келгуси авлодларга етказиш борасидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.