13.02.2025 12:13
487

17 нафар ватандошимиз ноқонуний диний ташкилот тузишда гумонланиб қўлга олинди

Тошкент шаҳрида 17 нафар ватандош ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан ноқонуний диний ташкилот тузишда гумонланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, улар орасида 1976−2001 йиллар оралиғида туғилган божхона идораларининг 3 нафар ходими, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси, технопарк директори ўринбосари, хусусий автомактаб директори ўринбосари, «Сергели-авто» бозорида савдо билан шуғулланувчи шахслар ва бошқалар бўлган.

Гуруҳ аъзолари 1989 йилда туғилган ва ҳозирда Мисрда бўлган шахсдан ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети талабасидан сабоқ олгани айтилмоқда.

Ҳозирда диний сабоқ берган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Оммавий диний таълим чекланган Ўзбекистонда норасмий диний дарс ўтганларнинг тақиқланган ташкилот тузишда айбланаётгани ачинарли ҳолатдир. Шу билан бирга давлатнинг диний сиёсати концепцияси эълон қилиниши фонида бу каби "жиноят"ларнинг фош этилиши қатор саволларни юзага келтиради.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.