13.03.2025 23:20
Туркия мадҳиясини ёзган ўзбек ўғлони
“Истиқлол марши” фақатгина марш эмас, бир миллатнинг мустақиллиги ва ҳурриятининг ҳикоясидир.
Бугун турк халқининг озодлик достонига айланган давлат мадҳияси – “Истиқлол марши”нинг қабул қилинганига 104 йил тўлди.
Туркий миллатларни асрларки руҳлантириб келаётган “Истиқлол Марши”нинг муаллифи келиб чиқиши ўзбеклардан бўлган Меҳмет Акиф Эрсойдир.
Мадҳия матни 1921 йил 12 март куни Туркия парламенти – Буюк Миллат Мажлиси томонидан маъқулланган.
Мадҳиянинг ҳам қизиқ тарихи бор
“Истиқлол марши” Туркия таҳликали кунларни бошдан кечираётган бир пайтда ёзилган.
1920 йилнинг 23 апрелида Туркия Буюк Миллат Мажлиси очилади. 1920 йил ёзида мамлакатнинг катта бир қисми босқинчилар томонидан эгалланган эди. Анқарада мунтазам армия қуриш ишлари олиб борилаётганди.
Бир неча аср давомида дунёнинг қудратли давлати саналган заминга ажнабий мустабидлар қадами етиб, мамлакат парчаланиш хавфи остида қолган эди.
Турк ватанпарварлари эса миллий озодлик ҳаракати олиб борарди.
Ана шундай таҳликали бир даврда Мажлис ҳукумат янги армия қуришда бу армияни қўллаб-қувватлайдиган ва унга руҳий куч берувчи омилларни ҳам ишга солишга ҳаракат қилади.
Оммавий ахборот воситаларида халқни босқинчиларга қарши туришга, бирлашишга, қўрқмасликка даъватлар қилинади. Газета ва журналларнинг кўплаб қисми ҳукумат томонидан сотиб олиб, фронтларга йўналтирилади. Митинглар ташкил қилиниб, масжидларда ваъзлар ўқилади. Ва Истиқлол Марши ҳам халқнинг ва армиянинг руҳиятини кўтариб, жанговорлигини оширади, деб ҳисобланган.
Туркия маориф вазирлиги миллий мадҳия матни бўйича шоирлар ўртасида танлов эълон қилади.
Ўша даврнинг Таълим вазири Риза Нур ўз хотираларида марш танлови ўз ташаббуси бўлганини ёзган:
"Улуғ инқилоб ва уруш кунлари. Бундай вақтларда миллатлар ўзларининг энг яхши миллий маршларини яратадилар. Ана шундай миллий маршнинг матни ва мусиқасини ёзганларга беш юз лира мукофот беришимни эълон қилдим".
Шу тариқа газеталарда Истиқлол Марши шеъри ва мусиқаси учун танлов эълон қилинган. Танлов муддати 1920 йил 23 декабргача этиб белгиланган.
Мукофотни рад этган шоир
1920 йил 23 декабридан сўнг Таълим вазирлиги танловга келган шеърларни кўриб чиқилади, аммо ҳеч бири Истиқлол Марши бўлишга муносиб топилмайди.
Вазир Ҳамдуллоҳ Субҳий шу даврнинг машҳур шоири Меҳмет Акифнинг танловда иштирок этмаганини билади. Сабаби эса жуда қизиқ: шоир маршга мукофот қўйилгани учун танловда қатнашмаган экан.
Манбаларда миллатпарвар шоир “Миллатимга муҳаббат рамзи ўлароқ ёзган шеъримга мукофот тама қилсам, мен қандай шоир бўлдим?! Ватан мадҳияси сотилмайди-ку!” дегани келтирилган.
Вазир Ҳамдуллоҳ Субҳий 1921 йил февралда шахсан ўзи шоирга мактуб ёзиб, мукофот масаласини тўғри тарзда ҳал қилиш ва танловда иштирок этишини сўрайди.
Шундай қилиб, кўп миллионли миллатни ягона байроқ остида бирлаштиришга хизмат қилган “Истиқлол марши” яратилади. Ўнта тўртлик (қитъа) ва 41 мисрадан иборат мадҳияда шундай сатрлар бор:
Ruhumun senden İlahî, şudur ancak emeli:
Değmesin mabedimin göğsüne namahrem eli.
Bu ezanlar, ki şehadetleri dinin temeli,
Ebedî, yurdumun üstünde benim inlemeli.
Маъноси:
Руҳимнинг Сендан Илоҳим, фақат шудир тилаги,
Тегмасин маъбадим кўксига номаҳрам илиги,
Бу азонларки шаҳодатлари диннинг тамали,
Юртимнинг устида маним абадий янграса қани.
Ўшанда шоир Меҳмет Акиф Эрсой “Аллоҳ бу миллатга иккинчи бор Истиқлол мадҳияси ёзишни раво кўрмасин!” дея мамлакат озодлиги абадий бўлишини тилаган эди.
Ўзбек қони бор
Шоир ва сиёсатчи Меҳмет Акиф Эрсойнинг (1873–1936) отаси Меҳмет Тоҳир асли албан миллатига мансуб мударрис, онаси эса бухоролик ўзбекларнинг қизи Омина Шарифа хоним эди.
Мутафаккир Сезаи Каракоч “Ота қавми румелик, она қавми бухоролик, таваллуд топган маскани эса Истанбулнинг Фотиҳидир” деганда айни шу тарихий ҳақиқатни назарда тутган.
Меҳмет Акиф Эрсой нафақат истеъдодли шоир, атоқли арбоб, билимдон муаллим, истеъдодли воиз ва Қуръони каримнинг моҳир таржимони сифатида ҳам тарихга кирган.
“У дорилфунун профессори сифатида адабиёт факультетида дарс берган. Араб, форс ва француз тилларини мукаммал билган бу зот ислом илмларини пухта ўзлаштирган олим ҳам эди. У “Сироти мустақим” журналида эълон қилган мақолалари орқали халққа маърифат нурини ёйди.
Айтишларича, Онадўли бўйлаб сафар қилган кезлари ҳамёнида бор-йўғи 36 куруш қолган экан. У ана шундай турфа синовларда тобланган чинакам инсон эди”, дея шоирга таъриф беради Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
“Истиқлол марши”га соҳиблик ғурури
Меҳмет Акиф Эрсой бугун ҳам Туркияда ижоди кенг тадқиқ этилаётган, фикрлари сиёсат, фикр ва ижод аҳли томонидан кўп бора тилга олинадиган шоирлар сирасига киради.
“Миллат ўзаро аҳил ва жипс бўлса, уни бирор босқинчи енголмайди”, – деган эди шоир бундан салкам бир аср аввал.
Туркия миллий мадҳияси ёзилганига бир асрдан ошди. Ўтган давр мобайнида мамлакатда давлат ва ҳукумат раҳбарлари неча бор ўзгарди, аммо Истиқлол марши ҳамон миллат ғурури тимсоли сифатида баралла янграмоқда.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон “Миллат сифатида Истиқлол марши каби шеър соҳиби бўлганимиз учун ҳар қанча ғурурлансак, ҳар қанча шукр этсак оз”, дея эътироф этган.
Туркия етакчисига кўра, Истиқлол марши бугун ҳам қўлида байроқ тутган, қалбида такбирни такрорлаган турк ватандошларини бир тану бир жон этишга кўмак беради.
Соҳиба Ҳаёт тайёрлади