Марокаш арслони: Муҳаммад Ибн Абдулкарим ал-Хаттобий
Уйғонган арслон
Риф тоғлари бағридан эсаётган шамолнинг узоқдаги шивирлашини ҳисобга олмаганда, тун сукунатга чўмган эди. Порох ва қатъият ҳиди еру кўкни тутган. Муҳаммад Ибн Абдулкарим ал-Хаттобий қояли тепалик четида туриб, мустамлакачи қўшинлар тўпланаётган пастдаги водийни кузатарди. У душман кучларининг сон ва қурол-яроғ жиҳатидан ундан устун эканини билса-да, бир нарсага шаксиз амин эди: у ҳеч қачон таслим бўлмайди. Унинг ватани сотиладиган ёки музокара қилинадиган матох эмас, у қон ва пўлат билан ҳимоя қилинажак!
Олимдан жангчига айланган инсон
Нотинч ва таҳликали бир даврда туғилган Муҳаммад Ибн Абдулкарим ал-Хаттобий Марокашнинг тирик афсонасига айланиши тақдири азимдир. У 1882 йилда Аждирда, Айс Юсуф уруғидан бўлган ҳурматли қози Абдулкарим Хаттобийнинг оиласидан дунёга келди. Болалигиданоқ Қуръонни чуқур ўрганди ва ғоят ақлли эдики, бу хислат кейинчалик уни Марокашнинг энг кучли қаршилик етакчиларидан бирига айлантирган табиий раҳбарлик қобилияти билан сайқаллади.
Унинг билим ва тафаккури ҳам чуқур, ҳам кенг қамровли эди. Дастлаб отасидан араб тили ва Қуръонни ўрганган, кейин эса ҳадис ва фиқҳни ўрганиш учун Фездаги Ал-Қаравиййин университетида таҳсил олган. Ал-Хаттобий, шунингдек, Испанияда олий маълумот олиб, ҳуқуқшунослик ва журналистика бўйича ўқиди. Анъанавий исломий таълим ва Ғарб таълимининг бу ноёб уйғунлиги нафақат унинг стратегик фикрлашини ўткирлаштирди, балки уни ҳақиқий интеллектуал даҳо сифатида ҳам намоён этди. У ҳатто маҳаллий мактабда дарс бериб, ўзининг дақиқ билими ва адолатга бўлган содиқлиги билан кўплаб марокашлик ёшларни илҳомлантирди. Ноёб истеъдоди уни халқаро эътирофга сазовор қилди – бир пайтлар "Тhe Times" газетаси унинг суратини биринчи саҳифасига жойлаштирган эди.
Ўша пайтда Ислом Мағриби киши тасаввур қила олмайдиган тартибсизлик домида эди. Мустамлакачи давлатлар Марокашнинг бутун тарих давомида қаҳрамонлар етиштирувчи маскан эканини англаган эдилар. Шу сабабли Европанинг 12 та давлати 1906 йилда Алхесирас конференциясини ташкил этиш ва унда иштирок этиш орқали янги бир исломий таҳдидга чек қўйишга қарор қилишди. Америка Қўшма Штатлари тарихда биринчи марта Монро доктринасини (АҚШга халқаро сиёсатга аралашишни тақиқловчи сиёсат) бузиб, ўйин майдонида пайдо бўлди. Бу мамлакатларнинг барчаси абадий исломий даҳшатга чек қўйиш учун тўпланишди ва ушбу конференцияда Ислом Мағрибини бўлиб юборишга аҳд қилишди!
Қизиғи шундаки, бу мамлакатлар Мағриб Подшоҳлигини шунчаки бўлиб олиш билан кифояланмадилар, балки унинг абадий парчаланишини кафолатлаш учун бу ишни мисли кўрилмаган ва зарарли тарзда адо этдилар: Франция Подшоҳликнинг жанубий қисмини, яъни Мавританияни олди. Испания шимолдаги қўшни қисмни, Марокашнинг Ғарбий Саҳрои Кабирини эгаллаб олди. Сўнгра Франция яна Саҳройи Кабирнинг шимолини, ҳозирги Марокаш марказини ишғол қилди. Испания яна шимолда Марокашнинг шимолий қирғоқларини, Марокаш Рифини эгаллади, Германия ва Британия эса турли ҳудудлардаги шаҳарларни ишғол қилди. Бу билан ҳамма Мағрибда исломий мавжудликни абадий тугатдик, деб ўйлади. Аммо шайх Абдулкарим Хаттобий ва унинг ўғли Муҳаммад бундай фикрда эмасди.
Улар рақиб қабилаларни ислом байроғи остига тўплаб, Усмонли халифасига телеграммалар жўната бошладилар. Бу уринишлардан сўнг испанлар мужоҳид шайх Абдулкарим Хаттобийни ўлдириб, ўғлини асир олиб, Марокашдаги тоғ чўққисидаги қамоқхонага ташладилар. Ажабланарлиси шундаки, қаҳрамонимиз чойшабдан арқон ясадию, қамоқхона деразасидан сакраб, ўзини озод қила олди. Афсуски, арқон Ал-Хаттобийнинг ергача етиб беришига калталик қилди, шунинг учун у баландликдан тош қояларга сакрашга мажбур бўлди. Қаттиқ йиқилиш унинг оёқларини синдириб, ҳушидан кетказди. Шунда қоровуллар унинг қочганини билиб қолиб, яна қамоқхонага қайтариб олиб кетишди.
Озодлик учун жанг ва инқилобий тактика
Муҳаммад ибн Абдулкарим Ал-Хаттобий бир муддат асирликда бўлганидан сўнг қамоқдан озод қилинди. Кейинчалик у Марокаш Рифидаги қабилалардан атиги уч минг жангчидан иборат қўшин тузди; уруш тарихида биринчи бўлиб "партизан уруши" деб номланган янги ҳарбий санъатни яратди ва ундан фойдаланди. Кескин зарба ва қочиш тактикасига асосланган бу ҳарбий усул кейинчалик дунёнинг барча инқилобчилари томонидан қўлланилди. Бундан ташқари, Муҳаммад душман базасигача етиб борадиган ер ости туннелларини қазишдан иборат яна бир қаршилик тизимини барпо этди. Вьетнам раҳбари Хо Ши Мин бир неча йил ўтгач, америкаликларга қарши худди шу тактикани қўллаганини тан олиб, буни Ал-Хаттобий туфайли амалга оширганини айтиб ўтган.
Бунинг шарофати билан ислом қаҳрамони испан армиясига кунлик жанглар орқали янгича сабоқ бера олди. Испанларнинг Ислом Рифидаги йўқотишлари кўпайганида, қирол Алфонсо ХIII Мадриддан дўсти генерал Мануел Фернандес Силвестре қўмондонлиги остида бутун бошли қўшинни юборди. Икки армия "Аннуал"нинг абадий жанг майдонида тўқнашди. Ташкил этилган испан армияси 60 минг аскар, шунингдек, самолёт ва танклардан иборат эди. Ал-Хаттобийнинг қўшинида эса, аксинча, оддий милтиқлар билан қуролланган атиги 3 минг мусулмон мужоҳид бор эди, холос.
Бироқ бу икки томон эътиқод бўйича ҳам душман эди; бир гуруҳ Аллоҳ йўлида, бошқаси эса ер ва хоч учун жанг қиларди. Шу сабабли Аллоҳнинг мўминларни қўллаб-қувватлаши муқаррар эди. Дарҳақиқат, афсонавий Хаттобий қўмондонлиги остидаги 3 минг мужоҳид 60 минг салибчининг бутун бошли қўшини устидан чинакам нусрат қозонди. Бутун бошли қўшин ер тишлатилди.
Мусулмонлар 18 минг испанни ҳалок этиб, ўн минглаб босқинчиларни асирга олишди. Фақатгина 600 нафар испан аскари тумтарақай қочиб, Испанияга чекинди ва қиролларига Марокаш Рифида кўрган даҳшатларини сўзлаб берди.
Исломий амирлик
Кейинчалик Ал-Хаттобий шимолий Мағрибда Риф ислом амирлигини барпо этди. У ўз амирлигининг одамларига беш йил мобайнида ҳақиқий ислом динини ўргатди. Сўнгра дунё мамлакатларига илмий сафарлар уюштириб, жанг қилаётган қабилаларни ислом байроғи остида бирлаштирди.
Ҳар қандай исломий уйғонишдан сўнг кутилганидек, фақат мусулмонларга қарши курашиш учун бирлашадиган насроний мамлакатлар, бу янги туғилган исломий давлатнинг хавфини сезгач, тағин тўпланишди. Агар бу давлат сақланиб қолса, тарих йўналишини буткул ўзгартириб юбориши мумкин эди. Шундай қилиб, улар атиги 20 минг мужоҳидга қарши курашиш учун ярим миллион европалик аскардан иборат иттифоқ туздилар, уларнинг танклари, самолётлари ва ҳарбий кемалари ҳам ҳисобсиз эди. Кейин эса энг катта ҳайратланарли воқеа юз берди!
Мужоҳид Муҳаммад ибн Абдулкарим ал-Хаттобий раҳбарлигида мужоҳидлар барча жангларда ғолиб чиқиб, босқинчилар сафларига кетма-кет зарбалар бердилар. Бу ҳолат Европа иттифоқини баъзи араб шайхларига пора беришга мажбур этди. Бу хоинлар Ал-Хаттобийга қарши жанг қилиб, у билан бирга курашишни ман этувчи фатволар чиқардилар. Бунинг устига, Франция ва Испания самолётлари тинч аҳолини кимёвий қуроллар ва заҳарли газлар билан бомбардимон қилди, Англия флоти эса Марокаш қирғоқларини қамал қилди.
Шунда Ал-Хаттобий бутун дунё халқлари, хоинлар ва салибчиларга қарши курашди, ҳатто унинг қўл остида ал-Хаттобийнинг амри билан Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишга онт ичган атиги 200 жангчи қолганди. Бу одамлар шердек жанг қилдиларки, ҳатто салибчилар уларни енгишдан умид узишди. Айнан шу пайтда салибчилар эски/замонавий усулга мурожаат қилиб, Муҳаммад билан сулҳ ва ярашувни имзолашди. Бу шартномага кўра, барча мужоҳидларнинг хавфсизлиги кафолатланди ва марокашликлар учун муносиб, эркин ва мустақил ҳаёт ваъда қилинди.
Одатдагидек, салибчилар ўз ваъдаларини бажармадилар. Улар афсонавий мужоҳид шаҳзода Муҳаммад ибн Абдулкарим ал-Хаттобийни ўғирлаб, бир-икки йил эмас, балки йигирма йил давомида Ҳинд океанидаги ороллардан бири – Мадагаскарга сургун қилишди.
Иймонда собит: Сургундаги ҳаёт
1926 йилда французлар томонидан қўлга олинганидан сўнг ал-Хаттобий узоқ Мадагаскар оролида йигирма йилдан ортиқ вақт давомида ёлғизликда, ўзи қаттиқ ҳимоя қилган ватанидан олисда яшади. Мустамлакачи давлатлар вақт ва масофа унинг иродасини синдиради, деб ўйлаган эди, аммо аксинча, ўша йиллар унинг маънавий кучини янада мустаҳкамлади. У кунларини ибодат, тафаккур ва Аллоҳнинг илоҳий режасига бўлган қатъий ишонч билан ўтказди.
Унинг афсонавий бўйсунмаслиги ҳақидаги хабар Марокашдан анча узоқларга, бутун араб дунёсига таралган эди. Унинг ҳикоясига мафтун бўлганлар орасида Миср қироли Фаруқ ҳам бор эди, у ал-Хаттобийни мустамлакачилик ҳукмронлигига қарши курашнинг тимсоли сифатида ҳурмат қиларди. 1947 йилда французлар сургундалигида ҳам унинг таъсиридан қўрқиб, уни Франция жанубига кўчиришга қарор қилишди. Аммо тақдирнинг ўз режаси бор эди.
Уни олиб кетаётган кема Сувайш канали бўйлаб сузар экан, Порт-Саидда тақдир изми билан тўхташга мажбур бўлди. Унинг келгани ҳақидаги хабар атрофга яшин тезлигида тарқалди. Риф арслонини жуда қаттиқ ҳурмат қиладиган Миср миллиятчилари дарҳол ҳаракатга чоғландилар. Қиролнинг сўзсиз розилиги ва қатъиятли халқнинг иродаси билан ал-Хаттобий французлар назоратидан "озод этилди." Унга сиёсий бошпана берилди ва у Мисрда қаҳрамон сифатида кутиб олинди.
Абдулкарим империализмга қарши кураш рамзи сифатида бутун дунёга танилган эди.
Марокашлик арслон Европа мустамлакачилигига қарши турганлиги сабаб Мексика, Хитой, Перу, Ҳиндистон каби дунё бўйлаб кўплаб мамлакатларда мадҳ этилган.
У 1963 йилгача Жамол Носир бошқарувидаги Мисрда умр кечирди.
У ҳатто 1956 йилда Марокашннинг мустақилликка эришганини кўриш учун етарлича узоқ яшадиган бўлса-да, Француз кучлари Шимолий Африканинг барча ҳудудларини тарк этмагунча ватанига қайтишдан бош тортиб ўтди.
Абдулкарим ал-Хаттобийга ҳурриятга етишиш насиб қилмади, бироқ у Европа империяларининг енгилмаслиги ёлғон эканини кўрсатиб бера олди.
Яшаб келаётган мерос
Вафот этганидан сўнг ҳам Хаттобийнинг таъсири ортгандан ортиб бораверди. Унинг таълимотлари, стратегиялари ва букилмас иродаси янги авлодларни илҳомлантиришда давом этмоқда. Бугунги кунгача унинг номи адолат учун курашга ишонганлар орасида ҳурмат билан тилга олинади. Че Геваранинг сўзлари унинг сўнмас садоқатига абадий эҳтиром бўлиб хизмат қилади:
“Сиз ўчишни истамаётган оловдайсиз. Тарих таслим бўлмаганларни асло унутмайди”.
Бу икки инқилобий шахс ўртасидаги тақдир учрашувида Че Хаттобнинг қатъияти ва етакчилигини эътироф этиб, шундай деган эди:
"Азиз шаҳзода, мен Қоҳирага айнан сиздан ўрганиш учун келдим."
Бу Хаттобийнинг ўз даврининг энг буюк инқилобчилари қаторидан ўрин эгаллаганига далолатдир.