21.10.2024 17:31

Ҳамд фақат Аллоҳга хос (Фотиҳа сурасининг биринчи ояти)

“Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламин” – Барча мақтов ва шукрлар оламларнинг тарбиячиси – Робби Аллоҳга бўлсин. Фотиҳа сурасининг биринчи ояти шарҳи.

Ояти каримадаги “ҳамд” калимаси “мақтов” маъносида келади. Имом Табарий “ҳамд” ва “шукр” сўзларини маънодош дейди. Лекин Имом Қуртубийнинг айтишича, “ҳамд” сўзи шукр сўзидан кўра умумийроқ маънода келади. Чунки шукр маълум бир неъматга эваз ўлароқ ишлатилади. Ҳамд – мақтов эса неъматга эваз эмас. Масалан, фалон киши эҳсон қилгани учун шукр айтдим, дейилади. Ёки фалон кишининг шижоатига, илмига мақтов айтдим, дейсиз. Биринчи ҳолатда сизга эҳсон қилгани учун шукр айтдингиз. Икки ҳолатда сиз ҳамд – мақтов айтган кишининг илми ва шижоати сизга умуман манфаат келтирмаслиги мумкин. Шу жиҳатдан “ҳамд” калимаси “шукр” калимасидан кўра умумийроқ ҳисобланади.

“Алҳамдулиллаҳ” калимасига тўхталадиган бўлсак, Имом ибн Касир ўз тафсирида шундай келтиради: Умар ибн Хаттоб Али розияллоҳу анҳумога айтади, унинг атрофида бошқа саҳобалар ҳам бор эди: “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Субҳаналлоҳ, Аллоҳу" акбар. Биз бу калималарни ўргандик. Маъноларини англадик. Энда навбат “Алҳамдулиллаҳга” келди. Бу қандай калима?”. Шунда Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Бу калима Аллоҳ Ўзи учун суйган ва рози бўлган айтишингни ёқтирадиган калима”, деб жавоб берди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса пайғамбар алайҳиссалом: “Зикрларнинг энг афзали “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, дуоларнинг энг афзали эса “Алҳамдулиллаҳ”, деди. (Имом Термизий ривояти)

Имом Қуртубий ўз тафсирида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ бандасига бир неъматни берганда “Алҳамдулиллаҳ” деса, олганидан афзалроғини ҳам беради”, деган.

“Роббил аламин” калимасига тўхталсак, Муҳаммад Али Собуний “Софватут тафосир”да айтишича, “Робб” калимаси “тарбия” калимасидан келиб чиққан бўлиб, “бошқаларнинг ишларини ислоҳ қилувчи” деган маънони англатади. Ҳиравийнинг айтишича, “Бир нарсани ислоҳ қилган ва уни мукаммал ҳолатга келтирган кишини “уни тарбиялади” деб айтиши мумкин”. “Робб” калимаси яна бир нечта маъноларни ўз ичига олади: Молик – эга, Муслиҳ – ислоҳ қилувчи, Маъбуд – ибодат қилинадиган, Мутоъ – итоат қилинган. Демак, ким бизни ҳақиқий эгамиз бўлса, ким бизнинг ҳолатларимизни ислоҳ қилаётган бўлса, кимки ибодат ва итоатга лойиқ зот бўлса, ана ўша Робб ҳисобланади. “Робб” калимаси Аллоҳ таолодан бошқага ишлатилмайди.

“Аламийн” сўзи эса “олам” сўзининг кўплиги ҳисобланади. “Олам” деганда Аллоҳ таолодан бошқа барча мавжуд нарсалар тушунилади. “Олам” калимаси луғавий жиҳатдан ўзи кўплик ҳисобланади. Масалан “халқ” деган сўз морфологик жиҳатдан бирликда бўлса ҳам маъно жиҳатдан кўплик саналади. Ҳудди шуни сингари “қўшин”, “оломон” сўзлари ҳам аслида бирлик кўринишида бўлса ҳам маъноси кўпликни ифода қилади. “Олам” калимаси ҳам шундай. Борлиқдаги мавжудотларнинг ҳар бир синфи алоҳида бир олам. Масалан, ҳайвонот олами, фаришталар олами, инслар, жинлар олами ва ҳакозо. Демак, ояти каримадаги “оламлар” деганда борлиқдаги мавжудотларнинг барча тури назарда тутилади.

Имом Замахшарийнинг айтишича, “олам” деганда фаришталар, инс ва жинлардан иборат ақли бор барча жонзотлар тушунилади. Имом Қуртубий ҳам “олам” деганда инсонлар ва жинлар назарда тутилади, дейди. Абу Убайда ҳам “олам” деганда инсонлар, жинлар, фаришта ва шайтонлардан иборат ақл соҳиблари назарда тутилади, деган. Ҳайвонларга нисбатан “олам” калимаси ишлатилмайди, деган.

Лекин Ибн Абу Ҳотам ривоят қилишича, “Жами мингта олам бор: денгизнинг ўзида олти юз олам, қуруқликда эса тўрт юз олам”. Айнан мана шу каби маълумот Саъид ибнул Мусайябдан ҳам ривоят қилинган. Ваҳб ибн Мунаббаҳ роҳимаҳуллоҳнинг айтишларича “Аллоҳ ўн саккиз минг оламни яратган. Бу дунё ҳам ана шу оламлардан биридир”.

Бугунги замонавий илм-фан ҳайвонот ва наботот оламининг кундан-кунга янги турларини кашф этмоқда. Буларнинг номини ёдда сақлашнинг ўзи катта бир муаммо. Шундай экан бу борадаги умумий хулоса сифатида Каъбул Ахборнинг сўзларини келтиришимиз мумкин. У киши айтадиларки: “Оламларнинг сонини (ададини) фақатгина Аллоҳ билади”.

Хулоса қиладиган бўлсак, “Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламин” деганда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганидек: “Осмонлару, ердаги, биз билган ва билмаган барча махлуқотларнинг Роббиси, Эгаси бўлган Аллоҳгагина ҳамд – мақтовлар бўлсин”, деган маънони тушунишимиз лозим.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.