“Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир”
Инсон умрида шундай ҳолатлар, шундай даврлар бўладики, ана шу пайтда киши агар бирор бир номаъқулчиликка қарши чиқадиган бўлса, ризқини етказаётган воситалардан айрилиб қолишдан қўрқади. Шу тариқа кимдир мансабидан айрилиб қолишдан, яна кимдир ризқ топиш қийинлашиб қолишидан қўрқади. Шайтон унинг қалбига мана шу қўрқувдан иборат васваса уруғини экишга ҳаракат қилади. Бу нарса банданинг Аллоҳ таолонинг бу борадаги кўрсатмалари ва ваъдаларини эслашига тўсқинлик қилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “ер юзида жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”, (Ҳуд сураси, 6 оят). Ушбу оят бизга Аллоҳ таолонинг ер юзидаги ҳар бир жонзотнинг ризқига кафил эканини баён қилмоқда. Шундай экан, ушбу ваъда инсонни ҳам қамраб олади. Шубҳа йўқки, Аллоҳ таоло нимага кафил бўладиган бўлса, у нарсанинг эгасига етиб боришига ҳеч ким монелик қила олмайди. Кимдир мансабидан айриладиган бўлса, кимнидир ризқ топиши қийинлашадиган бўлса, бу, ўша кимсанинг ризқи кесилди дегани эмас. Чунки унинг ризқи мансабига боғлаб қўйилмаган. Аллоҳ таоло ваъдасини юзага келтиришни, ризқни етказишни истаган онида бунинг йўлларини ҳам очиб қўяди.
Яна Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай дейди: “ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир”, (Анкабут сураси, 60 оят). Ўзининг ризқини тўплай олмайдиган, топа олмайдиган, эртанги куни учун ғамлай олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Лекин шу заифлигига қарамай, Аллоҳ таоло унга ризқини етказиб қўяди, ризқини топишни осонлаштириб қўяди. Шундай экан, эй инсонлар, аслида сизларни ризқландираётган – Аллоҳдир. Ризқингизни топишда унга таваккал қилинглар.
Яна Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур”, (Талоқ сураси, 2-3 оятлар). Яъни, ким Аллоҳ белгилаган чизиқларни босмай, унинг буйруқлари ва қайтариқларига амал қилса, Аллоҳ таоло у учун қийин вазиятидан чиқариб олади. Унинг ақлига келмаган, у ҳисобга олмаган томондан уни ризқлантиради.
Абдулкарим Зайдон, “Қуръон қиссаларидан олинадиган фойдалар” китоби