21.11.2024 18:33

Саодат асридан аввал яшаган аждодларимиз ҳам “арабпараст” бўлганми? (видео)



Бугунги кунда миллий одоб-ахлоқимиз ва қадриятларимизга мос бўлган номлар, одатлар ва либослар “арабпарастлик” тамғаси билан ёмонотлиққа чиқарилаётгани рост. Аслида соқол қўйиш, узун либос кийиш, рўмол ўраш каби инсоний эҳтиёжлар араблар кириб келишидан аввалги даврларда ҳам бўлган. 

Айтиш жоизки, миллатимиз ёки ўзбек миллати деган тушунча этник жиҳатдан араблар кириб келганидан кейин, асосан XI асрда қорахонийлар даврида шакллана бошлаган. Яъни, ўзбек миллатининг этник шаклланиши айнан ислом ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Ундан аввал эса Мовароуннаҳрда яшаган аждодларимиз ўзларини турклар, ўғузлар, суғдлар деб номлаган. Шунга кўра, саодат асридан аввалроқ яшаб ўтган аждодларимизнинг урф-одатлари ҳақида гап кетганида қадимги туркийлар ва суғдийларга хос бўлган маданиятни тилга олишимиздан бошқа йўлимиз йўқ.

Исломофоблар уйқусини бузаётган соқол, рўмол, узун кўйлак каби маиший нарсалар “арабпарастлик” бўлиб, бизнинг диёрларга араблар билан бирга кириб келган, деган иддаоларни инобатга олсак, унда аввалроқ бу диёрда яшаган турк ва суғд аждодларимиз қандай кўринишда бўлган, деган савол пайдо бўлади. Чунки, араблардан аввал “ўзбек” деган миллат номи бўлмаган.

Қуйида исломдан аввалги аждодларимиз ҳақидаги қизиқарли тарихий маълумотларни келтирамиз.

Қадимий манбаларда Саклар қандай тасвирланган?

Ўзбек давлатчилиги тарихи уч минг йилга бориб тақалади, дейди миллий тарихчиларимиз. Уч минг йил аввал Маркази Осиё ҳудудида сак ва массагет қабилалари яшагани маълум. Бу қабилалар ҳақидаги дастлабки маълумотлар Аҳамонийлар империяси манбаларида учрайди. 

Бундан икки ярим минг йил аввал ишланган қоятош тасвирларида марказий осиёлик сак қабиласига мансуб аждодларимиз узун соқол қўйган ҳолда тасвирланган. 

Хатто сак қабилаларининг асирга тушган подшоҳи ҳам қалин соқолли бўлганини кўришимиз мумкин. Бундан, аждодларимиз бизга маълум бўлган қадимги даврданоқ соқол қўйишга одатлангани маълум бўлади.

Серсоқол суғдийлар

Тарихий манбаларга кўра, суғдийлар Буюк ипак йўли бўйлаб кенг савдо алоқалари билан шуғулланган. Улар ташқи қиёфаси билан бошқа халқлардан ажралиб турган. Хусусан, суғдийлар Шарқда узун ва қалин соқоллари билан машҳур бўлган. Тан сулоласи (618–907) давридаги Хитой манбаларида суғдийлар кўпинча узун ва қоп-қора соқолли кўринишда тасвирланган. 

Исломдан аввалги даврдаги Хитой сопол ҳайкалчалари ва деворий расмларидаги тасвирларда суғдийлар қалин соқоли билан ажралиб туради. Марказий Осиё халқларига хос бўлган қалин ва узун соқол хитойликлар наздида янада экзотик кўринишда ишланган.

Исломдан аввалги даврда суғдийлар асосан зардуштийлик динига эътиқод қилган. Бугун айрим кишилар зардуштийлик динини миллий қадрият сифатида тақдим этишга беҳуда уринаётгани ҳам рост. Нима бўлганида ҳам, зардуштийлик роҳиблари ҳам ўз даврида замонамиз исломофобларини қўрқитиб юборадиган даражада “арабпараст” бўлганликларини археологик манбалар ҳам тасдиқлайди.

Айтишингиз мумкин: энди четга чиққан суғдийлар соқол қўйса қўйгандир, роҳибларга ҳам соқол қўйишга рухсат берилгандир?! Аждодларимиз фақат суғдийлардан иборат бўлмаган-ку, деб. 

Албатта, Самарқанддаги Афросиёб тепалигидан топилган исломдан аввалги даврга оид деворий расмларда ўша даврда диёримизда яшаган турли халқларнинг образлари тасвирланган. Хусусан, ушбу расмда Самарқанд ҳукмдори ҳузурига келган чағониёнлик ва тошкентлик элчилар тасвирланган. Тошкентликлар ўша даврда ҳам тренддаги соқоллари билан ажралиб турганга ўхшайди. Ҳар нима бўлганда ҳам, аждодларимиз исломдан олдин ҳам “арабпараст” бўлган экан, деган хулосага келиш мумкин. 

Ниқобланган зардуштларга нима дейсиз?

Қадимдан юзга ниқоб тақиш шарафли иш бўлган. Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё халқлари орасида энг кенг тарқалган дин зардуштийлик бўлгани сир эмас. Зардуштийлик динида олов муқаддас деб эъзозланган. Шунинг учун ҳам, оловни ёқишга масъул бўлган зардушт роҳиблари, ўз нафаслари билан муқаддас оловни нопок қилмасликлари учун юзларига ниқоб тақиб юрганлар.

Яъни, юзига ниқоб тақиб юрган одам қадимги қадриятларга кўра ҳам шарафли ишни бажараётган ҳисобланган. Хитой сопол ҳайкалчалари орасида ҳам юзига ниқоб таққан, суғдиёналик зардуштийлик динига мансуб кишининг ҳайкали мавжуд. Балким, бугунги ўлчовларга кўра, у ҳам “арабпараст” бўлгандир. Бу билан исломдан аввалги даврга қайтишни ёқлаган киши ҳам, айланиб-ўргилиб яна “арабпараст” бўлиб қолиши тайин.

Муқанна жарима тўлаган бўларди...

Баъзилар арабларга қарши курашган Муқаннани миллий озодлик ҳаракати раҳнамоси, деб кўрсатишга уринадилар. Бирорта маҳаллий тарихчи у ҳақда ижобий сўз айтмаган, балки уни кўзбўямачи, ёлғончи, сохтакор, шарлатан каби сифатлар билан атаган бўлса-да, исломофоблар томонидан, албатта ғаразли мақсад йўлида у кўтар-кўтар қилиняпти.

Тарихчиларнинг хабарига кўра, Ҳошим ибн Ҳаким исмли ёлғончининг юзи жуда хунук, боши кал ва бир кўзи кўр бўлгани сабабли ҳамиша афт-у ангорини кўк парда ортига яшириб юрган. Шундан у Муқанна, яъни “ниқобдор” лақаби билан танилган. 

Муқаннанинг соқоли бўлганми, бўлмаганми, бизга қоронғу. Аммо, Муқанна бизнинг замонда яшаганда, ниқоб таққани учун жаримага тортилиши аниқ эди. 

Ушбу маълумотлар бу диёрда яшаган аждодларимиз бугун “арабпарастлик” деб аталадиган баъзи одатларга араблардан аввал ҳам амал қилиб келганини, миллий ўзлигимизга қайтамиз, десак ҳам яна рўмол, ҳижоб, соқол масаласи тўсиқ бўлишини англатади.

Миллатимизнинг энг улуғ олимлари, подшоҳлари, раҳнамолари ва қаҳрамонларига ўхшашни истасак ҳам яна “арабпараст” бўлим қоламиз. 

Ҳа, йўқ, ғирт коммунист бўламиз десак ҳам, Маркс, Энгельс ва Ленин сингари беўхшов соқол қўйишимиз керак бўлади. Фақатгина бесоч ва бесоқол Хрушчевдан кейинги коммунистларга ўхшаймиз, десаккина соқолдан воз кечишимизга тўғри келади. Ўшанда ҳам Хрушчевни бизнинг аждодимиз, деб улуғлай олмаймиз. 

© Тарих ва сиёсат

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.