30.01.2025 19:20
Бозорчи холанинг дийдиёси: нега ўзбек шахматчиси ҳинд аёлининг қўлидан ушламади? (ҳажвия)
Туни билан телефон титиб, куни бўйи мудраб ўтирадиган бозорчи холани тушуниш қийин: ўзи мутлақо билмайдиган мавзуларда фалсафа тўқиб, ҳамманинг бошини қотиришни яхши кўради. Буни баъзилар бевалик инжиқлигига ҳам йўйишади. Бугун ҳам хола қайсидир ўзбек шахматчиси ҳинди хотиннинг узатган қўлини тутмагани ҳақидаги хабарни ўқиди-ю, биз ҳаммолларнинг бошимиз балога қолди.
- Суқсурдай қиз сенга қўл узатибди, сен унинг қўлидан ушлаб, Шоҳруххоннинг ашулаларидан айтиб бермайсанми? Лаллайиб ўтирадими одам деган. Ҳамма жойда шу қоида бўлганидан кейин қўлидан ушлаб қўявериш керакда. Бундай пайтда эътиқодга эмас, халқаро қоидаларга амал қилинади. Ким нима деса-десин бу бизнинг имиджимизга ёмон таъсир қилади. Ҳалиям шу йигит ўша ҳинд аёлидан узр сўраб чиқиши керак...
Мижоз анқонинг уруғи бўлиб турган пайтда биз ҳаммоллар унинг сўзларини тинглашга мажбурмиз. Менку табиатан юввош бўлганим учун холага эътироз билдирмайман. Аммо шеригим Мўминжон бундай эмас. У холанинг сўзларини рад этиб туришни яхши кўради.
- Имиж?! Хола, сизда қандай имидж бору, у бузилиши мумкин? Умуман мусулмон эркак нега халқаро қонунларни ўйлаб топганларнинг ўзи ҳам кези келганда тупурадиган қоидаларга амал қилиб, ота-боболари муҳим деб билган қадриятлардан юз ўгириши керак?
- Вой ақллией. Хўш, бу қоидаларни ўйлаб топганлар уларга қачон амал қилмабди?
- Ўша сиз айтаётган "қонун ҳимоячилари" исроилга миллиард долларлик қурол бериб, минглаб фаластинликларни қирғин қилмаяптими? Бу халқаро қоидаларга тупуриш бўлмай нима?
- Мен нима дейман, қўбизим нима дейди? - Бозорчи холанинг айтган гапи ўзига нашъа қилиб, хохолаб кулди, - Мен сенга спорт ҳақида гапиряпман, ўқимаган.
-Унда... Қаттиқроқ туртганимдан сўнг Мўминжоннинг гапи оғзида қолди. Мен унга "кел, шу холага тенг келма", дегандек бўлдим. У бироз жим турди, кейин барибир чидай олмади:
- Эҳ холагинамей, нега шу гапларизни ўрис ёки кавказлик спортчилар билан кўришмаган украиналикларга айтмадиз? Аксинча уларнинг бу қилиғидан сиз билан шу қоидани тузганларнинг боши осмонга етди...
- Сени калта ўйлашинг шу ердан билинади, бола, - бозорчи хола оғзидаги сақичини қулоғига ёпиштириб, Мўминга буқа қараш қилади:
- Сен юртингга бостириб кирган душман спортчиси билан кўришармидинг?
- Ундай бўлса, бобомиз Муҳаммад Бобур қурдирган масжидларни буздириб, ўрнига бутхона қурдираётган, ҳинд мусулмонларига зулм қилиб, уларни турли қийноқларга солаётган мамлакат спортчиси билан ҳам кўришмаслик тўғри эмасми?
- Вой дод, бу болани бир нима қилиб қўймасимдан олиб кетинглар!
Бозорчи хола менга ва атрофидагиларга қарайди. Мен шеригимга жим бўл, дегандек ишора қиламан. Мўминжон ҳам бироз юмшайди:
- Майли холажон сиз сари борайлик. Аслида халқаро қоидаларни бузишни бошлаган боя айтганимдек қонун пешволарининг ўзику. Бутун бошли Франциядаги олимпиадада мезбон давлат ҳижобли аёл спортчиларнинг қатнашишига йўл қўймай, муслима аёлларнинг ҳуқуқларини бузди. Эркак бўла туриб, аёл тусига кирганларга нозик жинс вакилаларини калтаклашга рухсат берди, нега сиз ва сизга ўхшаганлар ўшанда тилларини тишлари орасига қисиб ўтиришди?! Бир мусулмон фарзанди ўлароқ чемпион шахматчимиз кимнингдир қизи, кимнингдир синглиси, яна кимнингдир жуфти бўлган аёлга ҳурмат бажо келтириб, қўлидан ушламаса йиғлаб юборяпсизлар?!
Мўминжон сўзлар экан бозорчи хола шолғомдай қизариб, бу саводи охирига етмаган йигитнинг тўхтамаётганидан ғазаби қайнарди. Мен бўлса хола сотаётган картошка-пиёзлардан бир нечтаси шеригим томон учишини тасаввур қилардим. Яхшиямки, шу орада унинг аравасибоп юк чиқиб қолди. Бўлмаса бозорчи холанинг фиғони фалакка чиқарди. Нима ҳам дердик. Ўзимга келсак, мен сиёсатга аралашмайдиган, табиатан юввош одамман. Ҳозир ҳам қулоғимиз тинчиганидан хурсандман. Очиғи, мен тинчлик тарафдориман. Тинч бўлсак бўлди. Қолгани бир гап бўлар...