15.08.2024 07:58
ЖССТ маймунчечак туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) чоршанба кунги йиғилишда mpox (маймунчечак) инфекциясини яна глобал фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда Африка мамлакатларида маймунчечакнинг катта эпидемияси қайд этилган ва инфекциянинг бошқа қитъаларга ҳам тарқалиш хавфи мавжуд.
ЖССТ бош директори Тедрос Гебреесус mpox халқаро даражада таҳдид солаётганидан хавотир билдирди. Унинг таъкидлашича, ЖССТ янги эпидемиядан жабрланган мамлакатларда ҳам, бутун дунёда даволанишни таъминлаш ва касалликнинг кейинги тарқалишининг олдини олиш бўйича фаолиятини давом эттиради.
Аввалроқ Африка қитъаси миқёсида mpox билан боғлиқ вазият туфайли фавқулодда ҳолат жорий қилинган эди. Йил бошидан буён Африканинг 18 давлатида 15 мингдан ортиқ ҳолат ва 461 кишининг ўлими қайд этилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 160 фоизга кўпдир.
Барча ҳолатларнинг 90 фоиздан ортиғи Конго Демократик Республикасида кузатилган. Бурунди, Кения, Руанда ва Уганда каби мамлакатларда биринчи марта mpox инфекцияси қайд этилган.
Соғлиқни сақлаш расмийлари Африканинг устувор вазифаси ўз аҳолисини маймунчечакка қарши зудлик билан эмлаш эканлигини таъкидламоқда. Қитъада инфекция тарқалишини назорат қилиш учун 10 миллион вакцина дозаси керак, аммо ҳозирда фақат 200 минг вакцина мавжуд.