08.12.2023 10:11

Жо Байденнинг ўғли 1,4 миллион долларлик солиқларни тўламагани учун 17 йилга қамалиши мумкин

АҚШ президенти Жо Байденнинг ўғли Хантер Байден ҳукуматга 1,4 миллион долларлик солиқларни тўлашдан бўйин товлагани билан боғлиқ тўққизта жиноятда айбланмоқда.

Пайшанба куни Лос-Анжелес судига топширилган ҳужжатларга кўра, Байден солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва ёлғон ёки сохталаштирилган солиқ декларацияларини топшириш ҳамда ушбу миллионлаб долларларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганликда айбланмоқда.

"Айбланувчи 2016 йилдан 2019 йилгача бўлган солиқ йиллари учун мустақил ҳисобланадиган федерал солиқлар кўринишидаги энг камида 1,4 миллион долларни тўламаслик учун тўрт йиллик схемада иштирок этган", дейилади АҚШнинг Калифорния штатидаги туман судида тақдим этилган айблов хулосасида.

Агар Байден айбдор деб топилса, уни 17 йиллик қамоқ жазоси кутади.

Айблов хулосаси президентнинг ўғли устидан терговни назорат қилиш учун Бош прокурор Меррик Гарланд томонидан тайинланган махсус маслаҳатчи Девид Вайс томонидан Байденга қарши қўзғатилган иккинчи жиноий ишдир. Ўтган ойда Хантер Байден ўқотар қуроллар билан боғлиқ учта айбловни тан олмаган эди.

Охирги жиноий иш президент Жо Байденнинг 2024 йилда қайта сайланиш учун номзодини мураккаблаштириши мумкин. Сабаби, республикачилар унинг ўғли чет эл давлатлари, жумладан, Украина, Хитой ва Руминиядаги бизнес битимлари ва консалтинг хизматлари орқали отасининг мавқеидан нотўғри фойдаланган ҳолда миллионлаб доллар ишлаб топганини даъво қилмоқда.

Бундан ташқари, пайшанба куни республикачилар Байденга нисбатан импичмент бўйича суриштирув ўтказиш режаларини илгари суришди. 

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.