28.01.2025 09:12
935
Ўзбекистонлик шахматчи ҳиндистонлик аёл рақиби билан қўл бериб кўришмаганини изоҳлади
Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев Tata Steel Chess турнирида ҳиндистонлик шахматчи Рамешбабу Ваишали билан қўл бериб кўришмаслик қарори ортидан ижтимоий тармоқларда муҳокама марказида қолди. У бу қарорини «диний сабаблар» билан изоҳлади.
Тўртинчи раунддаги ўйин олдидан Ваишали қўлини чўзди, бироқ Ёқуббоев унга жавоб қайтармасдан стулга ўтирди. Бу ҳолат ҳиндистонлик шахматчини ҳайратда қолдирди ва ижтимоий тармоқларда турли фикр-мулоҳазаларни келтириб чиқарди.
Ёқуббоев кейинроқ узр сўраб, ўз хатти-ҳаракатини тушунтирди.
"Мен Ваишали ва унинг укасини ҳурмат қиламан. Бироқ диний сабабларга кўра бошқа аёлларга тегинмайман. Агар бу ҳолат уни хафа қилган бўлса, кечирим сўрайман", деди у.
Ёқуббоев ўзининг Х саҳифасида ёзган баёнотида аввалги турнирларда шундай ҳолатларга йўл қўйганини тан олиб, бундай қарорларни энди нотўғри деб ҳисоблашини айтди. Унинг фикрича, ҳар ким ўз қарорини ўзи қабул қилади ва бошқаларга мажбурият юкламаслиги керак.
Ёқуббоев ҳакамлар талабига биноан рақибларига «намасте» ишорасини қилишга рози бўлганини айтди, бироқ баъзи ўйинларда буни олдиндан тушунтиришга улгурмаганини таъкидлади.
Вейк-ан-Зееда ўтказилаётган Tata Steel Chess 2025 — дунёдаги энг қадимги ва нуфузли шахмат турнирларидан бири бўлиб, бу йил 87-бора ташкил этилмоқда. Ёқуббоев Challengers бўлимида иштирок этмоқда ва ҳозирги кунда 4 очко билан 10-ўринда бормоқда.