20.12.2024 16:09

Ўзбекистон фуқаросига Россия генерал-лейтенантини ўлдиришда айблов қўйилди

Россиялик генерал-лейтенант Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси Иля Поликарповнинг Москвада содир этилган портлаш оқибатида ҳалок бўлиши юзасидан Ўзбекистон фуқароси Аҳмаджон Қурбоновга қасддан одам ўлдириш, террористик ҳаракат ва қурол сақлаш каби жиноят моддалари бўйича айблов қўйилди. Басманний судининг қарорига кўра, Қурбонов тергов давомида 2025 йил 17 февралгача қамоқда қолади.

Терговчиларнинг маълум қилишича, Қурбонов Украина махсус хизматлари томонидан ёлланганини тан олган. Унга генерални ўлдириш учун 100 минг доллар мукофот ва Европа Иттифоқига чиқиш кафолати берилган. Айбланувчи қамоққа олинганда судланмаган, оиласи ва вояга етмаган фарзандлари борлиги қайд этилган.

Генерал Кириллов ва унинг ёрдамчиси 17 декабрь куни Москванинг Рязан проспектидаги подезддан чиқаётганда портлаш натижасида ҳалок бўлди. Тергов маълумотларига кўра, портлаш мосламаси подезд ёнида турган самокатга ўрнатилган бўлган. Кириллов Россия армиясининг радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи сифатида фаолият юритган ва бир неча маротаба урушда кимёвий қуроллардан фойдаланиш буйруғини берганликда айбланган.

Украина махсус хизматлари Кирилловнинг ўлдирилишини “махсус операция” деб атаган. Шунингдек, улар уни ҳарбий жиноятчи сифатида йўқ қилганини маълум қилган. Бироқ Украина президенти офиси бундай усулларни қўллашни рад этиб, мазкур айбловларга жавоб қайтармаган.

Мазкур иш бўйича тергов ишлари давом этмоқда, айбланувчига энг оғир жазо – умрбод озодликдан маҳрум қилиш ҳукми чиқарилиши мумкин.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.