20.01.2025 08:45

Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл расман ҳибсга олинди

Жанубий Кореяда давлат тўнтаришига уриниш ва ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш айбловлари билан вақтинчалик лавозимидан четлатилган президент Юн Сук Ёл расман ҳибсга олинди. Сеул Ғарбий округ суди 2025 йил 18 январ куни Юнни ҳибсга олиш тўғрисида ордер чиқарганини Yonhap агентлиги хабар қилди.

Юн Сук Ёлнинг ҳибсга олинишига коррупция амалиётларини тергов қилиш бошқармаси (СИО) томонидан олиб борилаётган суриштирув асос бўлди. СИО прокурорлари 20 кун ичида расмий айбловни маълум қилишади.

Юн Сук Ёлнинг маъмурияти суд қарорини кескин танқид қилди ва уни сиёсий таъқиб сифатида баҳолади. Ҳукм эълон қилинганидан сўнг, Юннинг тарафдорлари Сеул Ғарбий округ суди биносига бостириб кириб, полиция билан тўқнашувлар содир этди. Намойишчилар бинога зарар етказиб, хавфсизлик ходимларига ўт ўчириш воситаларини пуркашди. Полиция 45 нафар намойишчини ҳибсга олди.

Суд муҳокамаси пайтида суд биноси олдида 44 минг нафарга яқин киши Юнни қўллаб-қувватлаб чиқди. Юн ҳибсхонадан йўллаган мактубида барча тарафдорларини тинч намойишларга чақирди.

Юн Сук Ёлга қўйилган айбловлар ва ҳарбий ҳолат бўйича тергов мамлакатда сиёсий беқарорликни янада чуқурлаштириши мумкин. Олий прокуратура суд ва полицияга босим ўтказишга уриниш ҳолатларини текшириш учун махсус тергов гуруҳи ташкил этганини эълон қилди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.