15.01.2025 08:56

Жанубий Корея президенти ҳибсга олинди

Жанубий Кореяда парламент томонидан декабрь ойида ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниш айблови билан импичмент эълон қилинган президент Юн Сук Ёл иккинчи уринишда ҳибсга олинди. Президент сўроққа келишга ихтиёрий равишда розилик берди.

Бу Жанубий Корея тарихидаги президентнинг вақтинчалик ҳибсга олиниши бўйича илк ҳолатдир. Биринчи уринишда қўриқчилар қаршилик қилган бўлса, бу сафар терговчилар Коррупция ва юқори мансабдор шахслар ишлари бўйича тергов бюросига Юнни олиб келишга муваффақ бўлди.

Юн ўз чиқишида ҳибсга олишни ноқонуний деб атади, аммо қон тўкилмаслиги учун ҳокимиятга топширилганини маълум қилди. Шундай бўлса-да, у ишнинг ноқонунийлигини таъкидлаб, қонунчилик ва суд тизимига ишончсизлигини билдирган.

Президент Юн декабрь ойида парламентга қарши туриш мақсадида ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниб кўрган. Мухолифатдаги Демократик партия бу ҳаракатни «исёнга уриниш» сифатида баҳолаб, унга импичмент эълон қилди. Конституциявий суд ҳали қарор чиқармаган бўлса-да, Юн ҳозирча расман президент мақомини сақлаб қолмоқда.

Парламентдаги мухолифат етакчиси Пак Чанг Денинг сўзларига кўра, Юннинг ҳибсга олиниши адолат ва демократиянинг барқарорлигини намоён этади.

BBC хабарига кўра, Юннинг ҳибсга олиниши сиёсий инқирозни ҳал қилмайди, балки уни янада чуқурлаштириши мумкин.

Терговчиларнинг маълум қилишича, энди улар Юнни суд розилигини олиш учун икки кун ҳибсда ушлаб туришлари мумкин. Суд қароридан кейин уни озод қилиш ёки янада узоқ муддатга ҳибсда қолдириш мумкин бўлади.

Жанубий Корея президентлари орасида учта давлат раҳбари импичмент жараёнига дуч келган. Президент Ро Му Хён (2004), Пак Кин Хе (2016-2017), ва Юн Сук Ёл (2024).

Ро Му Хённинг импичменти (2004)
2004 йилда президент Ро Му Хёнга сайлов қонунчилигини бузганлик ва партиясиз мақомини бузганлик айбловлари билан импичмент эълон қилинган. Парламент ташаббусни маъқуллади, аммо 14 май куни Конституциявий суд айбловларни бекор қилиб, уни лавозимига тиклади.

Пак Кин Хенинг импичменти (2016-2017)
Президент Пак Кин Хе 2016 йилда коррупция можароси ортидан импичментга дуч келди. Унинг яқин маслаҳатчиси Чой Сун Сил билан боғлиқ иш жамоатчиликда катта шов-шувга сабаб бўлди. 2017 йилда Конституциявий суд импичментни маъқуллади ва Пак Кин Хе лавозимидан бутунлай четлатилди.

Юн Сук Ёлнинг импичмент жараёни (2024)
Юн Сук Ёл 2024 йилда ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниш ва парламентнинг кескин танқидлари фонида импичментга дуч келди. Гарчи жараён ҳозирча якунланмаган бўлса-да, бу воқеа унинг сиёсий мавқеига катта зарба берди ва ишончсизликни кучайтирди. Юннинг иши Жанубий Корея тарихидаги биринчи президентнинг вақтинчалик ҳибсга олиниши билан қайд этилди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.