17.12.2024 15:27

Хитойда собиқ амалдор пора олгани учун қатл этилди

17 декабрь куни Хитойнинг Ички Мўғулистон вилоятида собиқ амалдор Ли Жианпин коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб қатл қилинди. Бу ҳақда маҳаллий суд маълум қилди.

Ли Жианпин Хух-Хото иқтисодий ва технологик тараққиёт зонаси Коммунистик партияси ишчи қўмитасининг собиқ котиби лавозимида ишлаган. У 2022 йилда жиноий гуруҳларга манфаат келтириш ва ҳукумат маблағларини ўғирлашда айбланиб қўлга олинган.

Суднинг баёнотига кўра, Лининг қилмишлари “айниқса оғир” бўлиб, унинг хатти-ҳаракатлари жамият учун катта ижтимоий зарар келтирган. Жиноятлар учун ўтган йилларда ўлим жазоси тайинланган бўлиб, апелляция аризаси ҳам қониқтирилмаган.

Чора сифатида 2024 йилнинг бошида олий суд ўлим ҳукмини тасдиқлади. Ли Жианпин 17 декабрь куни расман қатл этилди.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳокимиятга келганидан буён коррупцияга қарши курашни давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бирига айлантирди. Ҳукумат маълумотларига кўра, бу кампания давомида минглаб амалдорлар жазоланган.

Шу билан бирга, мухолифат ва халқаро кузатувчилар бу ҳаракатлар сиёсий рақибларни йўқ қилиш воситаси сифатида ҳам ишлатилаётганини таъкидлашмоқда.

Хитойда коррупция учун қатл этиш ўта оғир жазо ҳисобланади. Айрим экспертлар бу жазо коррупция даражасини пасайтиришда таъсирли бўлиши мумкин, деб ҳисоблашса, бошқалар бундай ёндашув инсон ҳуқуқларини бузиш хавфини кўтаришини айтмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.