22.04.2025 07:02
67

Хитой “Толибон”ни ШҲТ саммитига таклиф қилди

Хитойнинг Қобулдаги элчиси Чжао Син Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматини Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этишга таклиф қилди. 


Ariana news’нинг хабар беришича, таклиф ТИВ молия ва бошқарув бўйича ўринбосари Муҳаммад Найим билан учрашув чоғида билдирилган. Дастлаб, Чжао Син Хитой ҳукумати Афғонистон билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва муносабатларни мустаҳкамлашга катта аҳамият бераётганини таъкидлаган.


Бунга жавобан, Муҳаммад Найим "қўшнилар ўртасидаги ижобий муносабатларни сақлаб қолиш ҳар икки томон учун муҳим”лигини таъкидлаган.


Маълумот учун, Афғонистон 2012 йилдан буён ШҲТ кузатувчи аъзоси бўлса-да, айни пайтда ташкилот йиғинларида қатнашмаяпти. Афғонлар 2024 йил Исломободда ўтган саммитга ҳам таклиф қилинмаган эди.


Эслатиб ўтамиз, ШҲТнинг 25-саммити шу йил Хитойда ўтказилади. Унда озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси ва терроризмга қарши кураш каби масалалар муҳокама қилинади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.