Албания бош вазири Эди Рама пойтахт Тирана шаҳрида диний бағрикенглик рамзи бўлиб хизмат қиладиган “Мустақил Бектошийлар тариқати давлати”ни яратиш ниятини тасдиқлади, дея хабар бермоқда TRT.

Қайд этилишича, Ватикандан илҳом олинган лойиҳа албан маданиятининг бир қисми бўлган турли динлар ўртасида тинч-тотув яшаш анъаналарини тарғиб қилишга қаратилган.

"Биз ўз бойлигимиз - тарихимизнинг муҳим қисми бўлган диний бағрикенгликни қадрлашимиз ва ҳимоя қилишимиз керак", - деди Рама янги давлат яратиш мақсадини тушунтирар экан.

Бектошийлар тариқати давлати Ватикандан тўрт баробар кичик бўлади ҳамда ҳарбий ва ҳуқуқий тузилмаларга эга бўлмайди, балки муҳим маданий тимсолга айланади. Рама, шунингдек, лойиҳа ҳали бошланғич босқичда эканлигини, уни амалга ошириш эса вақт талаб этишини таъкидлади.

Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Албанияда 2,4 миллион аҳолидан 115 мингга яқини бектошийлар тариқати аъзоси ҳисобланади.

Бектошийлар – асосан Туркия ва Албанияда кенг тарқалган тасаввуф тариқати бўлиб, XIII асрда Ҳожи Бектош Вали Нишопури Хуросоний (1208 - 1270) томонидан асос солинган. Бектошийлар шиалардек ҳазрати Али ва 12 имомга, айниқса, 6-имом Жаъфар ас-Содиққа эътиқод қилишади.

Тариқат асосчиси, Аҳмад Афлоқийнинг сўзларига кўра, шариат қоидаларига амал қилмаган ва ҳеч қачон намоз ўқимаган. Тариқатнинг асосий ғоялари бошқаларга ҳурмат ва бағрикенгликдан иборат. Бектошийлар ваҳдат ал-вуджуд таълимотига, Қуръон ва шариатга аллегорик тушунчага эга. Улар Наврўзни Алининг туғилган куни сифатида нишонлашади ва ҳар йили устозга тавба қилишади. 

Мавзуга алоқадор