14.05.2025 06:33
31

Трамп: “Сурияга жорий этилган санкциялар бекор қилинади”

АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонида бўлиб ўтган АҚШ–Саудия қўшма инвестиция форумида Сурияга қарши санкциялар бекор қилинишини эълон қилди.

Трамп нутқида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан телефон орқали суҳбатини эслаб, у ҳам бу борада илтимос билдирганини айтди. “Яқин Шарқдаги бошқа обрўли дўстларим ҳам шундай илтимос қилди. Сурияга қўйилган санкцияларни бекор қиламиз”, деди у.

Шунингдек, у АҚШ давлат котиби Марко Рубио шу ҳафта Туркияда Суриянинг янги ташқи ишлар вазири Эсад Ҳасан Шайбони билан учрашишини маълум қилди.

Трамп Сурия халқининг бошидан ўтаётган оғир қийинчилик ва ўлимларга тўхталиб, янги ҳукумат билан мамлакатни барқарор ва тинч ҳолда сақлаб қолишга умид билдирди.

Россия–Украина музокаралари

Трамп Истанбулда ўтказиладиган Россия–Украина музокаралари катта натижа бериши мумкинлигини билдириб, Марко Рубио ҳам уларда иштирок этишини айтди. У бу урушни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг кўп инсон ҳалокатига сабаб бўлган тўқнашув деб атади.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги шиддатли вазиятда ҳам ўтган ҳафта ўртакашлик қилганини, бу жараёнда савдодан фойдаланганини таъкидлади: “Ядровий ракета ўрнига, келинг, савдо қилайлик дедим”.

Ғазо бўйича баёнот

Трамп Исроилнинг Ғазодаги уруш ҳаракатларига тўхталиб, “Ғазо халқи яхшироқ келажакка лойиқ”, деди. Унинг сўзларига кўра, бир исроиллик асирни озод қилиш бўйича музокаралар муваффақиятли ўтган.

Эрон масаласи

Трамп Эрон билан келишувга эришиш истагини билдириб, “Эрон раҳбарияти бу имкониятни рад этса ва ҳужумларни давом эттирса, унда максимал босим сиёсатини қўллашдан бошқа йўлимиз қолмайди”, деди. Унинг айтишича, Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак.

АҚШ ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Томми Пиготт ҳам ушбу жараённинг тинчлик ва фаровонлик олиб келишига умид билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳозирча санкциялар қачон ва қандай бекор қилиниши ҳақида аниқ жавоб йўқ.

Сурия томонининг муносабати

Сурия ташқи ишлар вазири Эсад Ҳасан Шайбони Трампнинг қарорини олқишлаб, буни “тарихий бурилиш нуқтаси” деб атади. Унинг сўзларига кўра, бу халқ учун умид, иқтисодий тикланиш ва мустақиллик имкониятидир.

Суриянинг турли шаҳарларида минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, қарорни байрамона қарши олди. Эмавий майдонида фейерверклар билан нишонланди. Фуқаролардан бири, Назар Рамазон бу кунни “зафар куни” деб атади. Меҗида Неба эса бу жараёнда Эрдоғаннинг фаоллиги учун миннатдорлик билдирди.

Америка–Ислом алоқалари кенгаши (CAIR) раҳбари Нихад Авад Трампнинг санкцияларни бекор қилиш қарорини “муҳим ва ижобий қадам” деб атади. У Исроилнинг Суриядан чиқишини ва Газза қамалини тугатишни ҳам талаб қилишга чақирди.

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен ҳам ушбу қарорни олқишлаб, бу соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт ва қайта тикланиш учун муҳим эканини таъкидлади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.