Трамп Қатарда нима қилди: миллиардлик битимлар, шаҳона ҳаёт ва АҚШ президенти оиласининг шахсий манфаатлари
Яқин Шарқ бўйича расмий сафарининг иккинчи кунида президент Дональд Трамп Қатар ҳукумати билан ҳамкорлик декларацияси ва бир қанча келишувларни имзолади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Трамп Қатарга сафар қилган пайтда, Trump Organization компанияси айнан шу мамлакатда ўз бизнесини кенгайтириш бўйича келишувга эришган.
Қатар амири Тамим ибн Ҳамад Ол Сони қўшма баёнот чоғида музокаралар мазмунли кечганини билдириб, томонлар Яқин Шарқдаги вазият ҳамда бошқа кўплаб масалаларни муҳокама қилишга улгурганини айтди.
Амирнинг таъкидлашича, Қатар ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқиши кутилмоқда.
Ўз навбатида Трамп: «Жуда қизиқ бир неча соат ўтказдик. Биз бутун дунё, жумладан Россия, Украина ва Эрон ҳақида суҳбатлашдик», деди.
Трампнинг Қатар раҳбарияти билан учрашуви сешанба куни Саудия Арабистонидаги бир ярим кунлик ташрифига нисбатан анча қисқа бўлди.
Унинг компанияси Қатар ва БААда гольф майдонлари ҳамда шаҳона виллалар қуришни режалаштирмоқда.
2025 йил апрель ойида эса компания Дубай марказида 80 қаватли “Trump International Hotel & Tower” — минтақадаги биринчи бундай миқёсли меҳмонхона қурилишини эълон қилди.
Айни пайтда Трамп оилавий бизнесни бошқармайди. 20 январь куни президентликка иккинчи муддатга қайтгач, бу ишларга унинг фарзандлари масъул бўлди. Бироқ, мутахассисларга кўра, компания президент номи билан боғлангани учун манфаатлар тўқнашувидан қочиш қийин.
Шунингдек, Трамп томонидан АҚШ бош прокурори лавозимига тайинланган Пэм Бонди илгари Қатар ҳукумати номидан расман лоббист сифатида рўйхатдан ўтган эди.
Қатарнинг совғаси
Охирги кунларда Дональд Трамп Қатардан 400 миллион долларлик президентлик самолёти совғасини қабул қилгани учун танқид остида қолмоқда. АҚШ протоколига кўра, амалдорлар 400 доллардан қиммат совғаларни қабул қилолмайди.
Трамп эса бунга шундай жавоб берди: «Менинг нуқтаи назарим шундай: нега совғани қабул қилмаслигим керак? Биз бошқаларга совға берамиз. Мен нега қабул қилмаслигим керак?».
Бу самолёт оммавий ахборот воситаларида “учувчи сарой” деб аталмоқда. CBS News хабарига кўра, бу ҳаво кемаси Трамп президентлик муддати тугагач, унинг номига таъсис этиладиган президент кутубхонасига тақдим этилади.
АҚШда ҳар бир собиқ президент учун шундай кутубхона ташкил этилади. Унда президентликка оид тарихий ёдгорликлар сақланади ва одатда хусусий хайриялар ҳисобига қурилади.
Экспертларнинг фикрича, бундай қиммат совға ҳатто расман президентга эмас, балки маъмуриятга тақдим этилса-да, АҚШ қонунларига зид бўлиши мумкин.
Маълумотларга кўра, АҚШ Адлия вазирлиги самолёт совғасига нега йўл қўйилиши мумкинлигини изоҳловчи махсус меморандум тайёрлаган, аммо ҳужжат ҳали оммага эълон қилинмаган.
Оқ уй матбуот котиби Кэролин Ливитт ушбу келишувнинг қонунийлиги ҳақидаги саволга шундай жавоб берди: «Юридик жиҳатлари ҳали кўриб чиқилмоқда, аммо ҳукуматга бериладиган ҳар қандай хайрия амалдаги қонунларга тўлиқ мос ҳолда амалга оширилади».