20.01.2025 10:23
Трамп лавозимига киришиши биланоқ Путин билан Украина бўйича гаплашиб олмоқчи
АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп инаугурациядан сўнг тез фурсатларда Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбат ўтказиш ниятида. CNN манбаларига кўра, суҳбатдан мақсад Украинадаги урушни тугатишга қаратилган музокараларни шахсий учрашув орқали давом эттириш бўлади.
Трампнинг жамоаси бу учрашув учун тайёргарлик ишларини олдиндан бошлаган бўлса-да, телефон суҳбатининг аниқ санаси ҳозирча маълум эмас. Америка ва Россия расмийлари суҳбатдан кейин юзма-юз учрашувни ҳам ташкил қилишни тезлаштириши кутилмоқда.
Дональд Трамп бир неча бор президентликка киришгач, Россия-Украина урушига ечим топиш учун фаол қадамлар қўйишини айтган эди. Аввалроқ The Washington Post унинг Путин билан телефонда мулоқот қилгани ҳақида хабар берган, лекин Кремл бу хабарни рад этган.
Швейцария ва Сербия давлатлари Трамп ва Путин учрашувини ўтказиш учун мезбонликка тайёрлигини билдиришган. Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Майк Валснинг сўзларига кўра, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг учрашувда иштирок этиши ҳақида ҳали қарор қабул қилинмаган.
Янги президент лавозимини қабул қилганидан сўнг АҚШнинг ташқи сиёсатдаги қадамлари ва урушга якун ясаш ҳаракатлари дунё диққат марказида бўлади.
Маълумот учун, Доналд Трампнинг инаугурацияси 2025 йил 20 январ куни Вашингтонда, маҳаллий вақт билан кундуз соат 12:00 да бошланади. Маросим якунлангандан сўнг, у расман АҚШнинг 47-президенти сифатида лавозимга киришади.