27.01.2025 07:18
581
Трамп Исроилга оғир бомбалар етказиб беришни қайта тиклади
2025 йил 26 январь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Исроилга оғир бомбалар етказиб беришни қайта тиклаш ҳақида қарор чиқарди. Бу қарор ўзига қадар президент бўлган Жо Байден томонидан қўйилган тақиқни бекор қилди.
Маълумотларга кўра, АҚШ захираларидан 1,8 минг дона МК-84 туридаги оғир бомбаларни Исроилга етказиб бериш режалаштирилган. Ушбу қуроллар оғирлиги бир тоннага яқин бўлиб, улар асосан ҳаво ҳужумларида қўлланилади. Трамп ўз қарорини изоҳлар экан, бу қуроллар Исроил томонидан аввалдан сотиб олингани ва тўловлари амалга оширилганини таъкидлади.
"Улар бу қуролларни қабул қилишади. Улар учун пул тўлашган ва анча узоқ кутишган", — дея Трампнинг сўзларини келтиради Reuters.
Шу билан бирга, Исроил бу бомбаларни Ғазо секторида мунтазам равишда қўллаб, ҳудудни харобага айлантирган. 15 ой ичида ушбу ҳужумлар оқибатида камида 47 минг фаластинлик ҳалок бўлгани, 130 мингдан ортиқ киши яралангани ва 15 мингга яқини бедарак йўқолгани қайд этилган.
АҚШнинг Исроилга қурол-яроғ етказиб бериш ҳажми ҳақида ҳам расмий маълумотлар келтирилган. Унга кўра, 2023 йил октябрь ойидан 2024 йил сентябрь ойигача Исроилга 17,9 миллиард долларлик қурол етказиб берилган.