27.01.2025 06:30
547
Трамп Ғазо аҳолисини араб давлатларига кўчиришни таклиф қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазо секторидан кўчиб чиқишга мажбур бўлган фаластинлик қочқинларни араб давлатларига жойлаштириш бўйича таклиф билан чиқди. DW хабар беришича, Трамп Иордания қироли Абдулла II ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий билан ушбу масалада суҳбат ўтказган.
«Мен Иордания қиролига кўпроқ одамларни қабул қилишларини айтдим. Ғазо секторини тартибсизликка ўхшатяпман. Мен у ерда тартиб ўрнатилиб, одамлар бошқа жойга жойлаштирилиши керак деб ўйлайман», деди Трамп.
У шунингдек, Миср раҳбари билан мулоқотни режалаштираётганини айтди ва мамлакатдан Ғазо аҳолисини қабул қилишни сўраш ниятида эканлигини билдириб ўтди.
АҚШ президенти 1,5 миллионга яқин фаластинликни араб давлатларига жойлаштириш ҳақидаги режани тилга олди. Шу билан бирга, Трамп Иордания қиролига мамлакат қочқинларни қабул қилишдаги фаолияти учун миннатдорчилик билдирди.
Миср расмийлари эса Ғазо қочқинларини қабул қилишдан бош тортган. Бунга мамлакатнинг иқтисодий муаммолари ва ички ижтимоий вазият сабаб сифатида кўрсатилган.
Ғазо секторининг аксарият аҳолиси можаролар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган қочқинлардан иборат. Урушдан олдин бу минтақада 2,4 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилган.