09.12.2024 10:15
505
Трамп: Башар Асад Россиядан ёрдам олмагани учун қочиб кетди
Сурия режимининг ағдарилган раҳбари Башар Асад Россиядан ёрдам ололмагани учун мамлакатни тарк этди.
Бу ҳақда АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Яқин Шарқ давлатидаги вазиятни шарҳлар экан, айтиб ўтди.
“Асад кетди. У ўз мамлакатидан қочиб кетди. Унинг ҳимоячиси Владимир Путин бошчилигидаги Россия энди уни ҳимоя қилишдан манфаатдор эмас”, — деб ёзди Трамп Truth Social’да. Унинг айтишича, Россия Украина туфайли Сурияга бўлган қизиқишни йўқотган.
1963 йилда Сурия ҳокимиятига келган Баас партиясининг 61 йиллик қонли ҳукмронлиги барбод бўлди. Режимга қарши қуролли кучларнинг пойтахт Дамашққа кириши билан Башар Асад режими ва Баас партиясининг ҳукмронлиги тугади.
Суриядаги воқеалар
27 ноябрь куни Сурия шимолидаги Ҳалаб вилоятининг ғарбий қисмида Асад режими кучлари билан ҳукуматга қарши қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар бошланди.
30 ноябрь куни аксилҳукумат гуруҳлари Ҳалаб марказининг катта қисмини режим кучларидан қайтариб олди ва шу куни Идлибнинг бутун ҳудуди устидан назорат ўрнатди.
5 декабрь куни шиддатли тўқнашувлардан сўнг фракциялар Хама марказини режим кучларидан қайтариб олди.
Режимга қарши бўлган гуруҳлар стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳомс вилоятида пойтахт Дамашққа йўл очилган бир қанча аҳоли пунктларини назоратга олиб, ҳужумларини давом эттирди.
Сурия Миллий Армияси томонидан 1 декабрь куни Ҳалаб вилояти қишлоқларида “Озодлик тонги” операцияси давомида вилоят маркази Телл Рифат террористлардан озод қилинди.