Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Тожикистонга хорижий капитал оқими 1,95 млрд долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 45,9 фоизга кўпдир. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 153,9 млн долларни ташкил этди, дея хабар қилди Asia-Plus Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасига таяниб.

Қўмита маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда умумий қиймати 4,65 млрд долларлик 88 та давлат инвестиция лойиҳаси амалга оширилган.

Asia-Plus тақдим этган инфографика маълумотларига кўра, мамлакатга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 67,8 млн доллари Хитой, 50,8 млн доллари АҚШ, 14,3 млн доллари Россия ҳисобига тўғри келади. Шунингдек, Туркия (5,8 млн доллар) ва Британия (5,2 млн доллар) ҳам тожик иқтисодиётига сармоя киритган.

Тожикистон иқтисодиётига киритилган сармояларнинг асосий қисми (40 фоиздан ортиғи) давлат бюджетига тўғри келади, минтақанинг бошқа мамлакатларида эса хорижий инвестициялар ва аҳоли улуши устунлик қилади, дейилади хабарда.

Қўмита раиси Султон Раҳимзода Тожикистон вазиятни тўғирлаш чораларини кўраётганига ишонтирди. Унинг сўзларига кўра, капитални жалб этишнинг асосий механизмларидан бири мамлакатнинг сармоявий имкониятларини тақдим этишдир. Шу мақсадда ушбу даврда хорижда 8 та инвестиция бизнес-форумлари ташкил этилган.

Тожикистонга қўшимча сармоя жалб этишнинг яна бир жиҳати фойдали қазилмаларни қазиб олишдир. Султон Раҳимзоданинг сўзларига кўра, фойдали қазилмаларни қайта ишлаш соҳасига сармоя киритишни кўпайтириш мақсадида қўмита ишлаб чиқарувчиларга “яшил сертификат” олишда кўмаклашмоқда.

“Саноат ва янги технологиялар вазирлигининг саъй-ҳаракатлари билан Тожикистонда қайта ишланган мис ва алюминий аллақачон “яшил сертификат”га эга бўлди. Умуман олганда, яшил иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришга ўтиш учун зарур бўлган 12 та муҳим минералнинг 10 таси Тожикистонда топилган бўлиб, улардан 6 таси қайта ишланмоқда. Бу йўналишдаги имкониятлар катта, биз улардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз”, — дея хулоса қилди қўмита раиси.

Султон Раҳимзоданинг қўшимча қилишича, сўнгги учта сармоявий шартномадан бири Корея компанияси билан, қолган иккитаси маҳаллий компаниялар билан тузилган. Яъни тожик компаниялари мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишни бошлаган.

Мавзуга алоқадор