23.12.2024 16:30
1534

Тожикистон Марказий Осиёдаги Хитойга энг қарам давлат деб топилди. Ўзбекистончи?

Бугун дунёнинг биринчи иқтисодиёти бўлмиш АҚШни қувиб ўтишга зўр бериб ҳаракат қилаётган иккинчи ўриндаги Хитой дунёнинг жуда кўп давлатларига катта миқдорда қарз беришда давом этмоқда. Чин юртидагилар бераётган қарзнинг бир қисми пул маблағлари кўринишида бўлса, қолган қисми сармоя кўринишида бўлмоқда.

Яъни Хитой қайсидир давлатда амалга ошириладиган йирик лойиҳа учун қурилиш ишларини ўзи амалга ошириш шарти билан пул ажратади.

Хитой глобал кучга қандай айланиб улгургани, бу жараён, умуман, қандай содир бўлгани ва бу дунё учун нимани англатиши ҳақида етарлича мунозаралар олиб борилмаяпти. Кўпчилик Хитой ўзининг ривожланиш моделини бошқа мамлакатларга экспорт қилади ва уларга мажбурлаб сингдиради, деб ҳисобласа, баъзилар хитойлик иштирокчилар ўз таъсирини кенгайтириш учун маҳаллий ва анъанавий шакл, меъёр ҳамда амалиётларни мослаштириш ва ўзлаштириш жараёнида маҳаллий фаоллар ва муассасалар орқали ҳам иш олиб боради, деб билади. 

Хитойга қарамлиги тобора ошиб бораётган Тожикистон мисоли

Айни пайтда Хитой дунёнинг аксар ривожланаётган мамлакатлари, шу жумладан Марказий Осиё ўлкаларига катта миқдорда қарзлар бермоқда. Бу борада Тожикистон етакчи мамлакат деб топилган ва у бешта мамлакат ичида Хитойга энг қарам давлат бўлиб қолмоқда. Россиялик таҳлилчиларнинг фикрича, республика "аллақачон Хитойга қарзни тўлашда қийинчиликларга дуч келмоқда".

Хитой сўнгги 22 йил давомида Марказий Осиёда ривожланишни молиялаштириш учун 105 миллиард доллар сарфлаган бўлиб, шундан 18 миллиард доллари Ўзбекистонга йўналтирилган. Ушбу маблағнинг ярмини Хитой ташқи иқтисодий сиёсатининг муҳим молиявий воситаси ҳисобланган Хитой тараққиёт банки (CДБ) томонидан берилган кредитлар ташкил этади.

Тожикистон Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига Душанбенинг ташқи қарзи 3,2 миллиард АҚШ долларини ёки ялпи ички маҳсулотнинг 26,9 фоизини ташкил этган. Мамлакатнинг энг йирик кредитори Хитой бўлиб, ундан 900 миллион доллар миқдорида қарздорлик мавжуд. Бу қарзнинг асосий қисми Хитой Эксим Банкидан олинган.

Россиянинг Таҳлилий кредит рейтинг агентлиги (АКРА) мутахассислари фикрича, Хитой учун Марказий Осиёдаги энг долзарб мақсадли йўналишлар "Бир макон - бир йўл" ташаббуси доирасида транспорт йўлакларини яратиш ва ресурслардан фойдаланишни диверсификация қилишдир.

Ушбу агентликнинг "Шарқ ва Ғарб ўртасида" номли тадқиқотида айтилишича, Хитой бу мақсадларни амалга ошириш учун одатда бозор қарзларидан арзонроқ бўлган ташқи молиялаштиришни тақдим этади.

"Масалан, Хитой Экспорт-импорт банки Тожикистонга 2-2,5% ставкада 18 та кредит ажратган, имтиёзли давр беш-етти-тўққиз йилни, кредит муддати эса 25 йилни ташкил этади," дея таъкидлайди тадқиқот муаллифлари Тожикистон Молия вазирлиги маълумотларига асосланиб.

Уларнинг таъкидлашича, "Бир макон - бир йўл" ташаббуси Хитой учун ташқи савдо йўлларини кенгайтириш ва уни Ғарб бозори билан янада чуқурроқ боғлашга қаратилган.

Бугунги кунда Хитойнинг ушбу қарз сиёсати кўпчилик мутахассислар томонидан “қарз қопқон” сиёсати деб юритилади. 

Қарз қопқони дипломатияси

"Қарз қопқони дипломатияси" тушунчаси дастлаб 2017 йилда ҳинд олими Браҳма Челланей томонидан илгари сурилган. Бу атама Хитойнинг "Бир макон - бир йўл" ташаббуси нисбатан янги сиёсат воситасини ифодалайди. Стратегия Хитойнинг кам даромадли ва катта қарзи бор мамлакатларга қайтара олмайдиган даражада кўп миқдорда кредит беришини назарда тутади. Натижада бу қарз олган давлатлар ўз қарз юкини енгиллаштириш учун стратегик активларини Хитойга топширишга мажбур бўлади. Сўнгги тадқиқотларнинг кўрсатишича, Пекин айнан шу мамлакатлар учун муҳим фавқулодда қутқарувчи кредиторга айланган, чунки уларнинг кўпчилиги ўз қарзларини бошқаришда қийналмоқда.

2008-2021 йиллар оралиғида Хитой 22 та давлатни, асосан Ши Жинпиннинг “Бир макон - бир йўл” лойиҳасида иштирок этаётган мамлакатларни “қутқариш” учун 240 миллиард доллар ажратган. Шри-Ланка, Покистон, Мўғулистон, Замбия, Конго, Жибути, Кения ва Эфиопия, шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари сўнгги йилларда Хитойнинг қарз қопқони сиёсатидан сезиларли даражада зарар кўрди. Юқоридаги Тожикистон мисолидан ҳар қандай ҳолатда ҳам Хитойга нисбатан жиддий қарамлик юзага келиши маълум бўлди. Марказий Осиё давлатлари ичида Хитойдан қарз олиш борасида Тожикистон ягона эмас. 

Ўзбекистон ҳақида нима дейиш мумкин?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи қарзининг ўсиш суръати кескин ошишда давом этмоқда. Хусусан, 2017 йил якунлари бўйича давлат қарзи 11,6 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг охирига келиб 34,9 млрд долларга етди ёки 3 баробарга кўпайди. 

Ўзбекистонда ҳукумат томонидан сиёсий назорат кучли бўлгани сабабли жамият ҳали мамлакатнинг ўсиб бораётган ташқи қарзи ҳақида сезиларли ижтимоий ёки сиёсий жўшқинлик намоён этмаяпти. 2023 йил 1 июль ҳолатига кўра, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик ягона кредитори. Хитойдан Ўзбекистоннинг қарзи 3,8 миллиард долларни ташкил этади, Ўзбекистоннинг бошқа йирик кредиторлари Япония ва Жанубий Корея эса мамлакатимизга мос равишда 2,1 миллиард ва 900 миллион доллар қарз берган. 

Ўзбекистон Хитой билан қачондан яқинлаша бошлаган эди? 

2005 йилдаги Андижон воқеалари ва халқаро танқидлардан сўнг Ўзбекистон Хитой тимсолида ишончли иттифоқдош топди. Бу давр Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига йирик инвестициялар киритишининг бошланиши бўлди. Келгуси йилларда Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиши ва иқтисодий очиқликка интилиши фонида ушбу ҳамкорлик жадаллик билан ривожланишда давом этади.

Хитой тараққиёт банки кредитлари қаерга йўналтирилмоқда?

Йигирма йиллик давр мобайнида Ўзбекистонда молиявий мажбуриятларнинг етакчи соҳаси саноат, кон-қазилма ишлари ва қурилиш (63,3 фоиз) бўлиб келмоқда. Бу соҳаларга минтақадаги энг йирик лойиҳалар - Марказий Осиё-Хитой газ қувури ҳамда "Олтин йўл" газни суюқликка айлантириш заводи ҳам киради. 

Иккинчи йирик соҳа транспорт ва омбор хўжалиги бўлиб, асосан Boeing ва Airbus самолётларини харид қилиш билан боғлиқ. Учинчи ўринда энергетика соҳаси туради. AidData маълумотларига кўра, Хитой инфратузилма барпо этмоқда, қурилиш олиб бормоқда ва асосан табиий ресурслар билан боғлиқ лойиҳаларга сармоя киритмоқда.

Пул миқдори жиҳатидан кичик бўлса-да, телекоммуникация соҳаси ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хитой Тараққиёт Банки Ўзбекистонга 2007 йилда сармоя киритишни бошлаган бўлиб, унинг 15,5 миллион долларлик илк кредити "Oʻzbektelecom"га йўналтирилган. Бир йил олдин банк Тожикистонга "ТК Mobile" уяли алоқа компаниясини ривожлантириш учун 70 миллион доллар, Қирғизистоннинг "Қирғиз-Телеком" телекоммуникация компаниясига эса 6,6 миллион доллар ажратган эди. 

Ресурслар эвазига қарз келишуви

Марказий Осиё - Хитой газ қувури лойиҳаси учун Хитой Тараққиёт банки ва Хитой банки томонидан берилган кредитларни газ сотиш орқали қайтариш режалаштирилмоқда. Хитой қарзни нопул шаклда олишга қарши эмас, масалан, муҳим инфратузилмани бошқариш ҳуқуқини ёки ресурсларни ўзлаштириш учун лицензия олиш орқали.

Мисол учун, 2019 йилда Хитойнинг "TBEA" компанияси "Душанбе-2" иссиқлик электр станциясини қуриш учун аввал сарфлаган маблағ эвазига Тожикистондаги Юқори Кумарг ва Дуоба олтин конларини ўзлаштириш ҳуқуқини қўлга киритди.

Буни қирғиз сиёсатчиларининг баёнотлари ҳам тасдиқлайди. 2021 йилда президент Садир Жапаров ва 2022 йилда бош вазир Ақилбек Жапаров (қариндош эмас) Хитойга қарз тўланмаган тақдирда, стратегик объектлар устидан назорат Хитойга ўтказилишини маълум қилган эди. Шунингдек, 2011 йилда Тожикистоннинг 1158 квадрат километр ҳудуди Хитойга ўтказилгани ҳақидаги воқеани ҳам эслатиб ўтиш жоиз.

Коррупция схемалари

Хитой банклари ва компаниялари билан ҳамкорликнинг яна бир хавфи коррупциявий схемаларга аралашиб қолишдир. 2021 йилда Хитой Тараққиёт Банки коррупцияга қарши кураш кампанияси марказида бўлди, натижада тўққизта юқори лавозимли раҳбар ишдан бўшатилди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида мазкур банкнинг собиқ вице-президенти Чжоу Синю 5 миллион юан (712 минг АҚШ доллари) миқдорида пора олганини тан олди.

Қирғизистонда Хитой компаниялари билан боғлиқ кўплаб коррупция ҳолатлари ҳам кузатилган. Масалан, Хитойнинг TBEA Cо., Ltd. компанияси томонидан Бишкек иссиқлик электр станциясини қайта қуриш лойиҳасидан сўнг Қирғизистонда бир нечта мансабдор шахсларга, жумладан, собиқ бош вазирлар Сапар Исаков ва Жанторо Сатибалдиевга нисбатан коррупция ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш бўйича жиноий ишлар қўзғатилди. Бош прокурор давлатга етказилган зарарни 111 миллион долларга баҳолади. Исаков, шунингдек, TBEA манфаатларини ҳимоя қилишда айбланди ва кейинчалик собиқ президент Алмазбек Атамбоевга ҳам айблов эълон қилинди.

Бундан ташқари, 2018 йилда "Шимол-Жануб" йўл лойиҳасини амалга ошираётган CBRC қурилиш харажатларини ҳар бир километр учун 3 миллион долларгача ошириб кўрсатганликда айбланди, 2021 йилда эса Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси компанияни нархларни 123 миллион долларга ошириб кўрсатганликда гумон қилди.

Ўзбекистон учун тўғри йўл қандай? 

Сўнгги йигирма йил мобайнида Хитой тараққиёт банкининг Ўзбекистонга берган катта миқдордаги кредитлари мамлакатнинг узоқ муддатли истиқболига оид хавотир ва саволларни келтириб чиқармоқда. Марказий Осиёдаги Хитой томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг катта қисми Хитой ускуналари ва хизматларидан фойдаланишни талаб қилиши маҳаллий иқтисодий фойда ва технологик мустақилликни чеклаши мумкин. Қарзларни тўлашнинг имкони бўлмаса, стратегик активларни назорат қилишдан маҳрум бўлиш хавфи ҳам юқори, буни қўшни давлатлардаги шунга ўхшаш вазиятлар ҳам тасдиқлайди. Ниҳоят, бундай йирик молиявий операцияларда коррупция эҳтимоли ривожланишнинг кўзланган афзалликларини пасайтириши мумкин.

Ўзбекистон учун Хитой билан қарз алоқаларини бошқаришда эҳтиёткорлик талаб этилади. Тожикистон тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳаддан ташқари қарздорлик стратегик активларни йўқотиш ва иқтисодий мустақилликнинг чекланишига олиб келиши турган гап. Қолаверса, юқорида келтириб ўтилганидек, Хитой билан амалга ошириладиган лойиҳаларда коррупция хавфи ҳам мавжуд. Ўзбекистон ҳукумати қарз сиёсатини бошқаришда узоқ муддатли стратегик манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий мустақилликни сақлашга қаратилган ёндашувларни қўллаши лозим. Бунда қарз ҳажмини чеклаш, маҳаллий ресурслардан фойдаланиш ва иқтисодий диверсификацияни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.