24.12.2024 12:53
584

Тожикистон мактаблари ва боғчаларида янги йил тадбирларини ўтказишга чеклов киритилди

Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги, янги йил арафасида мактаблар, олий ўқув юртлари ва мактабгача таълим муассасаларида арча ўрнатиш ва бошқа зиёфатлар ташкил қилишни тақиқлади. Ижтимоий тармоқларнинг тожик сигментида бу хабар қизғин муҳокама қилиняпти.

Вазирликнинг таъкидлашича, мактабларда ва болалар боғчаларида байрам тадбирлари ўтказиш ўрнига, дарслар ва синф соатлари доирасида шеър айтиш ва расм чизиш каби маданий тадбирлар ташкил этилиши мумкин. Шунингдек, умумтаълим мактабларида ўқув дастурларига уйғун тадбирлар учун чекловлар қўйилмайди.

Айни пайтда Душанбенинг тўртта туманида мактаб ўқувчилари учун кўнгилочар дастурлар ташкил этилиб, уларнинг ота-оналари билан бирга вақт ўтказиши учун арчалар ўрнатилган.

Маълумот учун, 2012 йилдан бери Тожикистонда мактаблар ва боғчаларда янги йил байрамларини ўтказиш тақиқланган. Бу қарор исрофгарчиликка қарши курашиш ва ота-оналарнинг байрам тадбирлари учун маблағ йиғилишидан шикоятлари асосида қабул қилинган эди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.