24.12.2024 15:56
515
Тожикистон билан муносабатларимиз яхшиланмоқда – «Толибон»
«Толибон» ҳаракатининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид «Tolo News» телеканалига берган интервьюсида Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар кундан кунга яхшиланиб бораётгани ҳақида сўз очди.
Унга кўра, «Толибон» кўплаб мамлакат вакилларини Афғонистон хавфсиз жой эканлигига ва унинг ҳудудида хорижликлар учун таҳдид туғилишига йўл қўйилмаслигига ишонтиришга муваффақ бўлган.
Бу «Толибон»нинг Тожикистон билан муносабатлари ҳақидаги биринчи чиқиши эмас. Мужоҳиддан олдинроқ ҳам ҳаракатнинг яна икки юқори мартабали амалдори Душанбе билан ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани ҳақида маълум қилган.
Шунга қарамай, расмий Тожикистон бу баёнотларга ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ. Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятга келганидан бери Тожикистон бир неча бор ҳаракатни танқид қилиб, қўшни давлатда инклюзив ҳукумат яратишга чақирган.

