25.01.2025 15:15
“Толибон” Халқаро суд прокурорининг айбловларига муносабат билдирди
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хоннинг етакчи Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва олий суд раиси Абдул Ҳаким Ҳаққонийга нисбатан ҳибсга олиш ордери сўраш қарорини қоралади.
“Толибон” ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ХЖС дунёга инсон ҳуқуқларининг “ўзига хос талқинини” тиқиштиришни тўхтатиши лозимлигини таъкидлади. Баёнотда ташкилотнинг бу каби ҳаракатлари Афғонистон халқининг диний ва миллий қадриятларини инкор этиш сифатида баҳоланган.
“ХЖС дунёга инсон ҳуқуқларининг махсус талқинини тиқиштирмаслиги, бошқа халқларнинг қадриятларини инкор этмаслиги лозим”, – дейилади баёнотда.
Шунингдек, вазирлик ХЖСнинг бу ҳаракатларини “ноқонуний” деб атади ва ташкилотнинг шу кунгача заиф бўлган обрўсига путур етказувчи омил сифатида баҳолади.
Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон аввалроқ Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Абдул Ҳаким Ҳаққонийни афғонистонлик қизлар ва аёлларни, шунингдек, гендер тенглик талабларига зид шахсларни таъқиб қилганликда айблаган эди. Унинг фикрича, бу таъқиблар камида 2021 йил 15 августдан буён давом этиб келмоқда.