Толибон ҳукмронлиги остидаги Афғонистон: ютуқлар, муаммолар ва имкониятлар
Афғонистондаги Толибон ҳаракати ва Америка Қўшма Штатлари бошчилигидаги НАТО кучлари ўртасида давом этган 20 йиллик урушдан сўнг Толибон кучлари пойтахт Қобулни назорат остига олди ва 2021 йил 15 августда АҚШнинг сўнгги қўшинлари Қобул аэропортини тарк этди. Бу воқеадан тахминан бир ой ўтгач, Толибон бутун мамлакатни ҳам ўз назоратига олиб, янги маъмурият тузиб, мамлакатни бошқариш учун муваққат ҳукумат ташкил қилди. Шундай қилиб, Толибон ҳаракати учун янги босқич бошланди. Яъни Толибон ишғолчиларга қарши курашадиган кичик гуруҳдан бутун бир давлатни бошқарадиган маъмуриятга айланиб қолди.
Афғонистон Ислом Амирлиги ташкил топганидан икки йилу етти
ой ўтгач, дунё мамлакатлари ҳали бу ҳукуматни тан олишмаган бўлса-да, уларнинг
Толибон ҳукумати билан алоқалари турли шаклларда давом этмоқда. Шунингдек,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Афғонистон бўйича халқаро ҳамжамият
позициясини бирлаштириш ва афғон халқига халқаро гуманитар ёрдамни
мувофиқлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. 18-19 феврал кунлари
Қатар пойтахти Доҳада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби шафелигида бўлиб
ўтган йиғилиш ана шу саъй-ҳаракатларнинг намунаси, десак муболаға қилмаган
бўламиз.
Афғонистондаги вазият жаҳон оммавий ахборот воситалари, хусусан, ғарб бизга кўрсатиб бераётгандек зимистон, мудҳиш эмас. Шунингдек, баъзи кишилар ўйлаётгандек, мунаввар ва мутлақо муаммолардан холи ҳам эмас. Толибон Афғонистонда бошқарувни қўлга олганидан кейин ўтган икки ярим йил ичида яхшигина ижобий муваффақиятларга эришди. Шу билан бирга муаммо ва тўсиқлар ҳам учраб турибди.
Толибон ҳукуматининг сўнгги икки йилу етти ой давомида
эришган ютуқларини қуйидаги сатрларда кўришимиз мумкин:
Мамлакатни Америка босқинидан озод бўлиши ва мамлакат ички
ишларига ташқи кучлар таъсирининг камайиши;
Мамлакат ҳудудида турли гуруҳлар орасидаги тинимсиз
тўқнашувларнинг барҳам топиши;
Йиллар давомида тинимсиз ҳукм сурган тартибсизликдан сўнг
тинчлик ва осойишталикнинг қарор топиши;
Бутун Афғонистон ҳудудини назорат қилувчи марказий маъмурият
ва ҳукуматнинг мавжудлиги;
Армия, полиция ва хавфсизлик хизматларининг шакллантирилиши;
Қасос ва нафрат кайфияти қолмаслиги учун аввалги ҳукумат
вакилларига нисбатан қатағон сиёсатини олиб бормай, оммавий авф эълон қилиниши;
Савдо ҳаракатининг нисбий барқарорлиги ва бозорларда
товарларнинг мавжудлиги;
Афғонистон валютаси қийматининг сезиларли яхшиланиши, унинг
доллар ва бошқа хорижий валюталарга нисбатан қадрининг ошиши;
Давлат органларидаги маъмурий коррупциянинг камайиши;
Гиёҳванд моддаларни етиштириш ва экспорт қилишнинг сезиларли
даражада қисқариши;
Табиий фойдали қазилмалар ва маъданларни, шу жумладан нефт
ва табиий газни қазиб олиш бўйича ишларнинг бошланиши;
Давлат бюджети ва давлат харажатларини мувофиқлаштириш;
Янги йўллар қуриш ва мавжудларини таъмирлаш, сув
ресурсларидан фойдаланиш каби қатор инфратузилма лойиҳаларининг амалга
оширилиши;
Аэропортлар ва ички йўлларнинг тўхтовсиз ишлаши;
Қўшни давлатлар ва минтақа билан яхши муносабатда бўлиш,
афғон ерларидан бошқа давлатларнинг манфаати учун фойдаланишга йўл қўймаслик;
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам соҳасидаги халқаро
институтларнинг узлуксиз ишилаши.
Муваққат ҳукуматнинг юқорида тилга олинган ютуқ ва
муваффақиятлари бошқа масалалар билан бир қаторда, Афғонистонга халқни
чарчатган урушлар, бўлинишлар ва можароларга тўла ўтмишидан босқичма-босқич
чиқиш учун катта ва тарихий имконият яратади. Агар Толибон ва бошқа афғон
гуруҳлари тинчлик ва адолат сари қадам ташлашда давом этсалар, бу
муваффақиятлар ва осойишталик янада мустаҳкам бўлиб, мамлакатнинг ривожланиши
янада тезлашади.
Афғонистон ҳозирда ўтмишнинг барча салбий саҳифаларини ёпиш,
йиллар давомида урушдан боши чиқмайдиган халққа барқарорлик ва тарраққиётни
олиб келиш учун ажойиб имкониятга эга.
Толибон ҳаракатининг ҳукуматдаги бугунги мавқеидан келиб
чиқиб айтадиган бўлсак, уларнинг халқ олдидаги масъулияти олдингидан кўра
кўпроқ. Чунки ўтмишда Толибон ишғолчи кучларга қарши курашадиган оддий бир
жамоа бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб бутун бошли давлатни бошқараётган
гуруҳга айланди. Бу эса, табиийки, Толибларнинг зиммасига улкан масъулият
юклайди. Толибон бошидан кечирган ва кечираётган икки босқичнинг ҳам ўзига
яраша мақсад ва талаблари бўлиб, қаршилик ҳаракати сифатида майдонга чиққан
Толибоннинг мақсади юртни ишғолдан озод этиш эди. Бугунги Толибоннинг мақсади
ва олдидаги вазифалари аввалгидан мураккаброқ: мамлакатни бошқариш, ундаги
осойишталикни сақлаш, ўзаро адолатли муносабатларни шакллантириш каби
масъулиятлар зиммасида турибди. Зеро, халқ улардан тўғри бошқарув, муносиб
турмуш шароитининг таъминланишини кутади. Ташқи дунё эса халқаро тизимга мос
келадиган, ўз мажбуриятларини бажарувчи, халқаро шартномаларга риоя қиладиган
давлат бўлишини талаб қилади. Муваққат ҳукуматнинг бош вазир ўринбосари Мулла
Абдул Ғани Толибон қўшинлари Кобул шаҳрига кирганидан сўнг нутқ сўзлаганди. У
ана шу нутқида: “Толибон ҳаракатининг ҳақиқий синовли кунлари энди, бугундан
бошланди”, дея зиммаларида улкан масъулият турганини эътироф этган эди.
Шубҳа йўқки, Афғонистоннинг ривожланиши, ўтмишдаги тўқнашив
ва можаролардан қутулиши учун фақатгина Толибоннинг эмас, бутун халқнинг
ҳаракати керак. Эркаклар-у, аёллар, халқ орасидаги бошқа озчиликлар, умуман,
барча бирлашиб, мақсад йўлида ҳаракат қилишлари талаб этилади. Толибон
ҳукуматидан эса халқни муштарак мақсад йўлида бирлашиши учун шароит ва
имкониятларни таъминлаш, бошқа партия ва гуруҳлардан эса ҳукумат билан ўзаро
ҳамкорлик қилишлари талаб этилади.
Афғонистон олдида турган муаммоларни инобатга олган ҳолда,
ҳозирги вазиятда ҳукумат ва бошқа афғон томонлар эътиборини қаратиши лозим
бўлган устувор вазифаларни қуйидаги нуқталарда ажратиб кўрсатиш мумкин:
1. Замонавий
давлат қуриш, уруш ва низоларнинг қайта авж олиш эҳтимолини бартараф этиш,
мамлакатни сиёсий барқарорлик сари етаклаш учун томонларнинг ярашишлари.
Ҳеч шубҳа йўқки, сиёсий барқарорлик, кучли давлат барпо этиш
ва тараққиётнинг асоси бўлиб, доимий хавфсизлик ва барқарорликни таъминламай
туриб бу мақсадларга эришиб бўлмайди. Афғонистон каби узоқ вақтдан бери уруш ва
нотинчликларни бошидан кечираётган давлатга чинакам тинчлик ва барқарорликка
эришиши учун, ички урушлар ва нотинчликлар сабабларини бартараф этиш учун
йиллар керак керак бўлади.
Кузатувчиларнинг фикрига кўра, афғон халқи ҳукуматдан
ҳозирги даврга мос келадиган, замонавий, халқнинг эҳтиёжларини қондира оладиган
ва қўллаб-қувватлайдиган давлат барпо этишларини кутишмоқда. Шунингдек, ташқи
дунё томонидан тезроқ тан олиниш, халқнинг диний, миллий-маданий қадриятларини
асраб-авайлаш, мураккаблик ва ноқулайликларга қарамасдан глобал ҳамкорлик
қадриятларига риоя қилиш ўртасидаги мувозанатни сақлаб туриш ҳам янги
ҳукуматдан кутилаётган натижалар сирасига киради.
2. Мамалакат
ва халқнинг хоҳиш-иродасини ўзида ифода этувчи дастур (конституция) қабул
қилиш.
Чунки конституция давлат қуриш ва Афғонистонни ҳуқуқий
давлат ва сиёсий барқарорлик сари етакловчи замонавий ва доимий сиёсий тизимни
ўрнатиш учун идеал асосни ташкил этади. Шунингдек, фуқаролар уруши ва ташқи
ишғолдан чарчаган мамлакатда келажакда юз бериши мумкин бўлган тартибсизликлар
эшигини қайсидир маънода ёпади. Ўз-ўзидан маълумки, конституциявий ҳокимият ва
қонун устуворлиги таъминланмаган давлатда барқарорлик ва ривожланишга эришиб
бўлмайди.
3. Мамлакатни
қайта барпо этиш ва халқнинг асосий эҳтиёжларини қондириш учун иқтисодиётни
яхшилайдиган стратегия ишлаб чиқиш ва халқаро сармояларни жалб қилиш.
Иқтисодий инфратузилмага жиддий эътибор бериш, ёшлар учун иш
ўринлари яратиш, фуқароларга таълим, даволаниш, электр энергияси ва транспорт
каби асосий хизматларни тақдим этиш ҳамда қашшоқликка қарши курашиш кабилар
мавжуд ҳукумат учун энг катта муаммолардан биридир. Ҳукуматнинг иқтисодиётга
бепарво бўлиши мамалакат учун ҳалокатли оқибатларни олиб келиши мумкин.
4. Бугунги
афғон жамияти билан ниҳоятда эҳтиёткорона муносабатда бўлиш.
Чунки сўнги йилларда шаклланган жамиятнинг ҳолати, аввалги
90-йилларда ҳокимиятга келган Толиблар давридагидан анча фарқ қилади. Статистика
маълумотларига таяниб айтиш мумкинки, Афғонистон аҳолисининг қарийб 60 фоизини
ёшлар ташкил этади. Бу 35 миллион нафар ёш авлод дегани. Бу авлод интернет,
смартфонлар, компьютер, телевизор, сунъий йўлдош каналлари, ижтимоий тармоқлар,
турли соҳаларда рўй бераётган тараққиётлар даврида вояга етмоқда. Бу ёшларни
оммавий ахборот воситалари асло куч билан бошқариб бўлмайдиган авлод қилиб
тарбияламоқда.
5. Афғон
аёлларига таълим ва меҳнат соҳасида қўйилган чекловларни бекор қилиш.
2022 йил декабрь ойидан бошлаб ўрта ва ўрта махсус
мактабларнинг эшиклари қизлар учун ёпилган, афғон аёлларига ҳам
университетларга боришлари тақиқланган. Шунингдек ҳукумат институтларида
аёлларнинг ишлаши мумкин эмас эди. Бу тўсиқлардан фақатгина соғлиқни сақлаш ва
бошланғич таълим соҳалари мустасно. Кўплаб кузатувчилар бу ҳолатни муваққат
ҳукуматнинг афғон аёлларини ижтимоий, иқтисодий, таълим ва сиёсий ҳаётдан
босқичма-босқич ва тизимли равишда четлаштиришга, жамият ярмининг энергиясини
бузишга уриниши деб баҳоламоқдалар. Шу сабабли муваққат ҳукумат аёллар
борасидаги ўз позициясини қайта кўриб чиқиши лозим. Чунки қизларни бошланғич
мактабдан кейинги таълимни олишига йўл қўймаслик ва аёлларнинг меҳнат қилишига
тўсқинлик қилиш мамлакат ичкарисидаги муаммоларга олиб боради. Шу билан бирга
бу ҳолат халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон билан муносабатларини нормаллаштириш
ва мамалакатнинг ташқи интеграциялашувига ҳам тўсиқ бўлади.
6. Ёшлар ва
миллий кадрларнинг эртанги кунга ишончини қайтариш, уларни ватанда қолишлари
учун жиддий сабаблар пайдо қилиш.
Чунки Афғонистон ёшларининг ва ихтисослашган кадрларининг
бошқа мамлакатларга кўчиб кетиш тўлқини мамалакат келажаги учун ҳамон жиддий
хавф бўлиб турибди.
7. Халқаро
майдондаги муносабатларни яхшилаш ва халқаро ташкилотлар билан илиқ муносабатлар
ўрнатиш.
Бу чора халқаро майдонда Афғонистон манфаатларининг
ҳимояланиши, унга нисбатан ишончнинг ортиши ва майдонда яккаланиб қолмаслигини
таъминлайди. Бугунги кунга келиб, орадан икки ярим йилдан кўпроқ вақт ўтган
бўлса ҳам, дунё мамлакатларининг ҳеч бири Афғонистонни тан олгани йўқ. Тан
олинмаслик эса Афғонистоннинг халқаро ҳамжамиятга қайтишига, БМТ ва бошқа
халқаро ташкилот ва институтларда ўзининг табиий ўрнини эгаллашига ҳамон
тўсқинлик қилмоқда.
Мақола аввалида санаб ўтилган ютуқларни сақлаб қолиш, янги
ютуқларга эришиш ва муаммоларни ҳал қилиш юқори даражадаги билим, тажриба ҳамда
матонатни талаб қилади. Шундай экан, мамлакатни инқироздан олиб чиқиш учун халқ
ичидаги самимий мулоқот, ҳамкорлик ва барча томонлар, афғон жамиятининг таркибий
қисмлари, академик, сиёсий ва ижтимоий элитанинг конструктив иштироки зарур.
Фазлул Ҳодий Вазийн, ёзувчи, академик
Мақолаларда билдирилган фикрлар муаллифга тегишли бўлиб, таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмаслиги мумкин.