29.11.2024 14:59
"Толибон" Истанбулдаги Halal Expo 2024 кўргазмасида қатнашмоқда
27-30 ноябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтаётган Halal Expo 2024 кўргазмасида "Толибон" делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Ҳаракат делегациясига "Толибон" савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилик қилмоқда.
Савдо вазирлиги раҳбари Ҳалол маҳсулотлар жаҳон саммитида сўзга чиқиб, Анқарани Афғонистонда турк маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш, турк бизнесини эса Афғонистонга сармоя киритишга таклиф қилди.
Шунингдек, Озарбайжон иқтисодиёт вазири ўринбосари Элнур Алиев билан савдо айланмасини ошириш ва Лапис-Лазули йўлаги лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. "Толибон" ва афғон бизнеси Озарбайжондаги кўргазмага таклиф қилинди (номи ва санаси кўрсатилмаган).
Туркия савдо вазири Омер Болат билан делегациялар алмашинуви ва кўргазмаларни кўпайтириш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи ва техник қўмита тузиш бўйича келишиб олинди. Ушбу кенгаш афғон-турк савдосига тўсиқларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш йўлларини таклиф қилиш учун мўлжалланган.