26.12.2024 18:28

Тинч аҳолини ўлдириб, «террорчи» деймиз – Исроил аскарлари (видео)

«Бу чизиқ ҳеч бир дунё харитасида ёки расмий ҳужжатда алоҳида белгиланмаган. Ғазо секторида, хусусан, Нецарим ўқининг шимолида жойлашган бу ҳудудни барча аскарлар «ўлим чизиғи» деб атайди. Бу ерда жасадлар кўмилмайди, бир тўда итларга ем бўлади».

Исроил армияси 252-дивизияси собиқ зобитининг маҳаллий «Hareetz» газетаси журналистига айтган бу сўзлари Фаластиндаги даҳшатли воқеиликнинг бир қисми холос. Нашр томонидан эълон қилинган таҳлилий мақолада сионистларнинг тинч аҳолига нисбатан қасддан ҳужумлари ва ўлдирилган қуролсиз мусулмонларнинг «террорчи» сифатида қайд этилиши тан олинган.

Инсонлар орасида баҳслар кўп. Мусулмонларнинг яхшилик қилишда рақобатлашганига тарих гувоҳ. Бироқ инсоният ўз тараққиётининг юксак чўққисига чиққани айтилаётган XXI асрда сионистлар Ғазода ким кўпроқ одам ўлдиради қабилида баҳслашаётгани тубанликнинг энг олий кўриниши бўлса керак. Исроиллик ҳарбийларнинг тилидан айтилган гаплар сўзимизни исботлайди.

«Агар 99-бўлинма 150 фаластинликни ўлдирса, бошқаси 200 кишини ўлдириши керак бўлади», дейди бу ҳақда исроиллик ҳарбий. 

Газетанинг ёзишича, ҳарбийлар Ғазодаги қотилликлар ҳақида фахрланиб сўзлашади, ҳатто уларнинг нишонига айланган бегуноҳ болалар ва аёлларни ҳам террорчига чиқаришади. 

«Офицерлардан бири аскарларнинг 16 ёшли ўсмирни қандай қилиб ўлдирганини завқланиб тасвирлаб берди», дейди зобит. Унинг айтишича, ҳарбийлар кучсиз, қуролсиз ёш болаларни ўлдиргани билан мақтаниш даражасига етган. 

Сўнгги пайтларда «Hareetz»нинг Исроил фахрий аскарлари билан суҳбатида Фаластиндаги геноцид ва мусулмонлар қатлиоми ҳақида очиқ маълумотлар келтириляпти. Бунга ўхшаш иқрорномалар бирин-кетин чиқишига қарамай ҳеч бир халқаро ташкилот ёки «инсон ҳуқулари ҳимоячиси» бўлган катта давлатлар яҳудий давлатига қарши жиддий чора қўллагани йўқ. 

Жумладан, яқинда Нецарим коридоридан қайтган сионистларнинг захирадаги қўмондони ҳам Ғазодаги ваҳшийликларни ошкор этди: 

«Ўзимизни дунёдаги энг ахлоқий армиямиз, деб атаймиз. Бу орқали ўзимизга тасалли берамиз. Аслида бир йилдан ортиқ вақт давомида инсон ҳаёти энг қадрсиз бўлган, ҳеч бир қонун-қоида ишламайдиган майдонда кезиб юрибмиз. Ҳа, биз қўмондонлар ва жангчилар Ғазода содир бўлаётган ваҳшийликда иштирок этяпмиз. Бу ҳақиқат. Хўш, нима ўзгаради?» дейди у.

Бир қараганда исроиллик ҳарбий ҳақиқатни айтиш билан айбини тан олаётгандек кўринса-да, у 7-октябрдан кейин урушга сафарбар қилинганидан афсусланмаслигини ҳам қўшимча қилади. Бу ҳолат кузатувчиларга сионистлар зоҳиран бегуноҳ одамларга қарата ўқ узаётгандек кўринса-да, ҳақиқатда ўзларининг инсонийлигини ўлдираётганини англатади.   

Нашрнинг ёзишича, айни пайтда Исроил ҳарбийларига мисли кўрилмаган ваколат берилган. Илгари биноларни бомбардимон қилиш ёки ҳаво ҳужумларини уюштириш сионистлар армияси штаб бошлиғининг розилигини талаб қилган бўлса, эндиликда бундай қарорлар қуйи мансабдаги зобитлар томонидан ҳам қабул қилиниши мумкин. 

«Бўлинма командирлари энди жанговар зоналарда деярли чексиз ўқ отиш ҳуқуқига эга», деб тушунтиради 252-дивизионнинг собиқ офицери. 

«Батальон командири дрон зарбаларини бериши, дивизия командири эса жиддий операцияларни бошлаши мумкин». Баъзи манбаларда армия бўлинмалари стандарт ҳарбий протоколлар билан чекланмаган мустақил милициялар каби ҳаракатланиши келтирилган. 

Ҳарбийлардан бирининг ҳикоя қилишича, «ўлим зонаси»га кирган ҳар бир киши ўққа тутилади. Ҳатто бир сафар ёш бола ота-онасини қидириб, ушбу ҳудудга кириб қолган. Сионист аскарлари ўзларининг одатига кўра ёш болани ҳам аямаган. 

«Биз қонга беланиб ётган боланинг жасадига яқинлашдик, уни суратга олдик. Ўша куни кечқурун батальон командиримиз бизни бўлажак террорчини ўлдирганимиз билан табриклаб, эртага яна шунга ўхшаш ўнларча болани ўлдиришимиздан умидворлигини айтди», дейди зобит бу ҳақда. 

Бошқа бир исроил жангариси тўртта қуролсиз одамнинг пулемёт билан отиб ўлдирилганини тасвирлайди. «Юзлаб ўқлар», деб эслайди у.

«Учтаси дарҳол вафот этди , тўртинчиси эса тирик қолди. Биз уни ўз позициямизга яқин жойда ўрнатилган қафасга солиб, кийимларини ечиб олдик», дея ҳикоя қилади аскар.

Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир ўткинчи аскар қафасдаги фаластинликнинг устига тупуришган. Эътиборлиси, бу тинч аҳоли вакили Ғазо шимолидаги оиласига етиб олиш учун йўлга чиққан эди. «Кейинроқ офицерлар бизни «террорчилар»ни ўлдирганимиз учун мақташди. Улар нимани назарда тутишганини очиғи тушунолмадим», деган исроил жангариси нашрга.

Яҳудий нашри суҳбатдоши бўлган ҳарбийлар ёш гўдакларнинг ракета билан нишонга олинишидан тортиб, юзлаб қуролсиз одамларнинг ўлимига сабабчи бўлган сионист генерали Йеҳуда Вачнинг «Ғазода гуноҳсиз одам йўқ», деган фашистларга хос сўзларидан ҳам иқтибос келтиришган.

Масалан, нашрга интервью берган ҳарбийлардан бири икки боласини етаклаб кетаётган оддий фаластинликни ракета билан нишонга олишганини гапириб беради. 

Афсуски, юқорида айтганимиздек ёвуз Исроилнинг бу каби жиноятлари ҳатто ўз ҳарбийлари томонидан ҳам тан олинса-да, халқаро ҳамжамият ва дунё давлатлари томонидан тегишли жазога тортилмаяпти. Ғазо секторидаги вазият халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътиборини талаб қилмоқда. Тинч аҳолини ўлдириш, уни террорчи сифатида қайд этиш нафақат халқаро ҳуқуққа, балки ҳар қандай инсоний тамойилларга ҳам зид келади. Мусулмонлар ҳуқуқлари бузилаётган пайтда жим туришни маъқул биладиган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу ҳолатларни чуқур ўрганиб, Исроилни жавобгарликка тортиши зарур. Йўқса икки стандартли дунё тартиботини қайта кўриб чиқиб, бошқа адолатли тизим ўрнатилиши керак.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.