20.01.2025 13:13

The Economist: Ҳусийлар жаҳон иқтисодиётига 200 млрд доллар зарар етказди

The Economist нашрининг ёзишича, 2024 йилда Яман Ҳусийларининг Қизил денгизда Исроилга алоқадор кемаларга ҳужумлари ортидан жаҳон иқтисодиёти катта зарар кўрган. Жумладан, денгиз орқали юк ташиш нархлари беш баравар ошган.

Қайд этилишича, Миср энг катта молиявий йўқотишга учраган мамлакат бўлди. Сувайш каналидан тушадиган даромадлар 7 миллиард долларга қисқарган, бу одатий даромаднинг учдан бир қисмини ташкил этади. Шунингдек, АҚШ ўз кемаларини ҳимоя қилиш учун 5 миллиард доллар сарфлади.

Ҳусийлар ҳужумлари Ғарб кемаларини Африкани айланиб ўтишга мажбур қилган. Фойдаланилаётган йўналишларнинг узунлиги 6 минг километргача чўзилган, йўл вақти эса 10-14 кунга узайган. Натижада юк ташиш харажатлари ҳар бир рейс учун қўшимча 1 млн долларга ошган. Қизил денгизда суғурта тарифлари ҳам 20 бараварга қимматлашган.

Билдирилишича, мавжуд вазиятдан Хитой ва Россия фойда кўряпти. Ҳусийлар ушбу давлатларнинг кемаларига ҳужум қилмаслигини билдирган, бу эса Россияга тегишли нефть ташишда қулайлик яратди. Шу билан бирга, кемачилик компаниялари ҳам катта даромадга эга бўлди.

Айни пайтда АҚШ ва Исроил ҳарбийлари Ҳусийларнинг ҳарбий объектларига зарба бериш орқали жавоб қайтармоқда. Ғарб давлатлари, шу жумладан, Буюк Британия денгиз хавфсизлигини таъминлаш операцияларида қатнашмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.