18.01.2025 17:12
Теҳронда Олий суд биноси олдида отишма: икки судя ҳалок бўлди
Эрон пойтахтидаги Олий суд биноси олдида юз берган қуролли ҳужум оқибатида икки судя — Али Разини ва Муҳаммад Мокисеҳ ҳалок бўлди, яна бир судя яраланди. Бу ҳақда IRNA агентлиги хабар тарқатди.
Отишма эрталаб содир бўлган. Номаълум шахс судяларга қурол билан ҳужум қилган ва ҳодисадан сўнг ўз жонига қасд қилган. Дастлабки тергов маълумотларига кўра, ҳужумчи Олий суд томонидан кўриб чиқилган ҳеч қайси ишга бевосита алоқадор эмас.
Қайд этилишича, Али Разини 1998 йилда ҳам суиқасд қурбони бўлиш арафасида қолган. Ўшанда у Теҳрон бош судяси сифатида фаолият юритган, ҳужумчилар унинг машинасига бомба ўрнатган бўлиб, портлаш натижасида Разини жароҳат олган эди.
Жиноят сабаблари ва ҳужумчининг шахси бўйича текширув ишлари давом этмоқда. Эрон ҳуқуқ-тартибот органлари тергов жараёнига оид қўшимча маълумотларни яқин кунларда эълон қилиши кутилмоқда.