Таҳлил: Франциянинг ҳижобга бўлган нафрати илдизлари қаерда?
Французлар мусулмон аёллар билан ўчакишиб қолган. Бу янги ҳам, яширин ҳам эмас. Мусулмон аёлларига бўлган мазкур нафрат – асрлар оша шаклланган одат, мусулмон аёлларнинг танасини назорат қилишга бўлган патологик эҳтиёж, империялар ва инқилоблардан ҳам узоқроқ яшайдиган бир меросдир. Айни замонда, бу нафрат эркинлик, тенглик, биродарлик ва ҳамда секулярлик шиорлари ортига яширинмоқда. Аммо очиқ айтиш керак: Франциянинг дунёвийлик ва тенглик ҳақидаги далиллари ҳеч қачон ишончли бўлмаган. Аксинча, унинг ҳижобга қарши қонунлари ва риторикаси фақат тескари натижалар берди: норозилик ва бўлиниш, эркинликни ҳимоя қилиш даъвосини қилиб, аёлларнинг кийинишини назорат қиладиган давлатнинг мунофиқлигини фош этди.
Мустамлака ўтмиши
Ҳозирги нафрат-адоватни тушуниш учун Франциянинг мустамлакачи ўтмишига қайтишимиз керак. Французлар фақат эгаллаб олишга эмас, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида ҳукмронлик қилишга интилган. Ҳеч нарса бу ҳукмронликни ҳижобга нисбатан зўравон муносабатдан кўра яққолроқ акс эттирмаган. Французлар мусулмон аёлларни озод қилишга эмас, балки синдиришга, уларни диний ва маданий илдизларидан ажратишга ҳаракат қилган. Улар аёллар танасини кўришни, уларни назорат қилишни исташган - рад этилганда эса, мустамлакачи тафаккурга хос тарзда ғазаб ва зўравонлик билан реакция билдиришган.
Келинг, эътиборимизни уларнинг Жазоир мустамлакасига қаратайлик, зеро, бу ердан кўп сабоқ олиш мумкин. Французлар ердан кўра кўпроқ нарсани – миллий ўзликни забт этишни истар эди. Улар бўйсундириш ва зулм ўтказишга интилган. Француз мустамлакачи қўшинлари оммавий маросимлар ўтказиб, жазоирлик аёлларни зўрлаб ёпинчиқларидан маҳрум қилган. Уларни таҳқирлаб, очиқ кийимда суратга тушишга мажбурлаган ва бу суратларни ўзларининг "цивилизация миссияси"нинг ўлжаси сифатида Францияга жўнатган.
Бу улар нафақат ҳудудни, балки таналарни ҳам забт этганликларининг бир рамзи эди. Босқинчи кучлар жазоирлик аёллар кийган ёпинчиққа максимал психологик эътибор қаратиб, шубҳасиз, баъзи натижаларга эришмоқчи эди. Шу тариқа айрим жойларда аёл "қутқарилган" ва рамзий равишда ёпинчиғини ечган. Лекин бу қандай цивилизация? Шубҳасиз, зўравонлик, зулм ва мажбурлаш билан белгиланувчи цивилизация. Қизиғи шундаки, айнан шу айбловларни улар Ислом ва мусулмонларга қўйишган. Айбловчиларнинг ўзлари айбдор бўлиб чиқди, уларнинг қўпол ва қолоқ дунёқарашини фош этди. Француз қўшинлари бундай жавобни кутмаган эди. Уларнинг жазоирлик аёлларни "қутқариш" ҳаракати фақат қаршиликка дуч келди. Улар аёлларни ечинтирмоқчи бўлгани сари, жазоирлик аёллар ёпинчиқларини кўпроқ кийишарди. Ҳижобни ҳечишдан аниқ бош тортишлари уларнинг "устунлиги"ни рад этиш белгиси эди.
Французлар ўшанда ҳам, ҳатто ҳозир ҳам аслида муаммо ҳижобда эмаслигини тушуниб етишмади. Муаммо мустамлакачи тафаккурнинг ўзида эди ва шундай бўлиб қолмоқда. Бу майл Жазоир билан тугамади - шунчаки шакл ўзгартирди, холос. У Жазоирдан то Туркистон диёрларига қадар сингиб кетган. Ёпинчиқни олиб ташлаш шахсий тажовузнинг алоҳида ҳаракати эмас эди; бу мусулмон аёллари ва Исломнинг ўзини хўрлаб топташ ҳамда йўқ қилишга қаратилган кенг қамровли мустамлакачи стратегиянинг бир қисми эди. Мустамлакачи кучларнинг мусулмон аёлларни назорат қилишда қўллаган усуллари бугунги кунда ҳам сақланиб қолган бузуқ ҳаракатни очиб беради.
Машҳур сиёсий файласуф Фаноннинг 1952 йилдаги сўзлари ҳамон ўз таъсирини йўқотмаган: "Жазоирлик аёл билан юзма-юз келган европалик уни кўришни истайди. У идрокининг бу чекловига тажовузкорона муносабат билдиради. Нафрат ва тажовузкорлик бу ерда ҳам шу ондаёқ ўз юзини кўрсатади".
Бугунги кунга келиб ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Франция ҳукумати ҳамон мусулмон аёллар кийимини, бир пайтлар аскарлари Жазоир кўчаларида қилганидек, ғайрат-у иштиёқ билан назорат қилмоқда. Васваса ҳамон ўша-ўша, шунчаки усуллар ўзгарган.
2004 йилда давлат мактабларида ҳижобни тақиқладилар. 2007 йилда давлат хизматида ҳижоб кийишни ман этдилар. 2010 йилда жамоат жойларида ниқобни тақиқладилар. 2023 йилда мактабларда абаяни ва француз спортчилари учун ҳижобни тақиқладилар. Ҳар сафар уларнинг баҳонаси бир хил: дунёвийлик, тенглик ва озодлик. Аммо келинг, бунинг аслида нима эканлигини айтайлик: илғор қадриятлар ниқобидаги мустамлакачилик тафаккури.
Давлат томонидан ўрнатилган кўриниш меъёрларига мос келмаса, қандай тенглик аёлларни жамоат ҳаётида иштирок этишдан четлаштиради? Ҳар бир неча йилда янги можаро пайдо бўлиб, яна ўша баҳсни қўзғатади. Мактаб ўқувчиларига синф хоналарига кириш тақиқлангани, спортчиларга мусобақаларда қатнашиш ман этилгани ёки кўчаларда ҳужумлар бўлгани, бу тақиқларнинг бари мусулмон аёлларни четга суриб қўяди, аммо жамоатчиликни адоватли ҳаракатларга ундайди. Ҳижоб Франция мудом ва зинҳор тоқат қила олмаган эркинликни акс эттиради. Мусулмон аёллари ҳеч қачон озод қилинишга муҳтож бўлмаган, бунга эҳтиёж сезган мустамлакачи онгларнинг ўзи эди.
Бу ҳол Франциянинг ўзи билан чекланиб қолмайди. Ҳижобга нисбатан нафрат-адоват бутун Ғарб дунёсида, ҳатто шарқнинг айрим мамлакатларида ҳам учрайди. Мусулмон аёллар ҳамиша ўз ҳамжинслари ва жамиятлари томонидан эзилган, хўрланган, сассиз, овозсиз шахслар ўлароқ тасвирланади. Аммо ҳақиқий зулм Ғарб жамиятининг ўзидадир. Улар озодлик учун, дейишади. Аммо аёл киши ўзини ёпишни, беркитишни танласа, бу шахсий эркинлик бўлмай қоладими? Улар узоқ вақтдан бери ўзларини тенглик ва эркинлик каби қадриятларнинг ўчоғи сифатида кўрсатиб келишди, аммо ҳижобни рад этишлари уларнинг дунёвий қарашларининг бир ёқлама эканини фош этади, холос. Гарчи дунёнинг айрим ҳудудларида аёллар ҳижоб кийишга мажбурланиши инкор этиб бўлмас ҳақиқат бўлса-да, Ғарбнинг ҳалокатли нуқсони шундаки, у барча мусулмон аёллар ҳижобга мажбурланган ва барча мусулмон аёллар эзилган ҳамда "озод қилиниши" керак деб ҳисоблайди.
Мусулмон аёлнинг ўз танасини беркитишини кимдир чиқиб ғайриоддий ҳол, радикаллик деб айтиши ё шундай ҳисоблаши аслида муаммо эмас. Уни ҳаддан ошиш деб билиш ҳам муаммо эмас. Муаммо мазкур шахсий қарашлар бошқаларга мажбурланиб, улардан ўз танловларига кўра ҳаракат қилиш эркинлигини тортиб олишда. Ҳақиқий муаммо ҳижобнинг ўзида эмас, балки у нимани англатишидадир: ҳижоб бу аёлликнинг Ғарб моделига муқобилдир. Ғарб ҳижобни рад этишда беихтиёр ўзининг ишончсизлиги ва ички иддиятларини фош қилиб қўяди. У мусулмон аёлларнинг ўз йўлини танлаш эркинлигини рад эта туриб, эркинликни ҳимоя қилаётганини иддао қилади.
Хўш, эркинлик нима ўзи, агар хоҳлаган ишингни қила олмасанг?
Менимча, бу энди эркинлик эмас...
Фанон таъкидлаганидек, “ҳижоб ҳимоя қилади, тинчлантиради, ажратиб туради”. Ҳижобнинг аёл танаси учун аҳамиятини тушуниш учун жазоирлик аёлларнинг эътирофларини эшитган ёки ҳижобини ечган баъзи аёлларнинг ички ҳисларини таҳлил қилган бўлиш керак.
Француз мустамлакачилик лойиҳаси
"Цивилизация" афсонаси – мусулмон аёлларини ўз жамиятларидан, эркакларидан ва ҳатто ўз танловларидан қутқариш ғояси асосида қурилган эди. Аммо Фанон таъкидлаганидек, "...Жазоир жамияти шу қадар ишонч билан тасвирланган аёлларсиз жамият эмаслигини намоён этади". Мусулмон аёллар ҳамиша ўз ҳаётларининг соҳиблари бўлишган, ҳатто французлар уларни мустақилликдан маҳрум қилмоқчи бўлганларида ҳам.
Тарих баралла янграйди ва ўзининг аниқ хабарини йўллайди: муаммо ҳеч қачон ҳижоб бўлмаган. Франция Франция бўлиб қолаверади. Бу ҳақиқат билан юзлашмагунча, унинг мусулмон аёлларга бўлган нафрат-у адовати ўзининг сўнмас зулмини ошкор қилаверади.