Таиланд Конституциявий суди мамлакат бош вазири Сеттҳа Тҳависинни Вазирлар Маҳкамаси ходимлари ахлоқ кодексини бузганликда айбдор деб топди, дея хабар қилди Bangkok Post.

Тҳависинни ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорга тўққиз судьядан 5 нафари ёқлаб овоз берди, 4 нафари қарши чиқди. Бош вазир билан бирга унинг кабинети ҳам истеъфога чиқадиган бўлди.

Бир йилдан камроқ вақт давомида ишлаган сиёсатчи устидан Таиланд парламентининг 40 нафар собиқ сенаторидан иборат гуруҳ шикоят киритди.

Шикоятда Тҳависин жорий йил баҳорида 2008 йилда коррупция иши бўйича олти ойга қамалган адвокат Пичит Чуэнбанни бош вазир идораси вазири лавозимига тайинлагани келтирилган.

Тергов маълумотларига кўра, ўшанда Чуэнбан икки ҳамкасби билан бирга Олий суд ходимлари тушлик қутисига 2 млн бат (57 минг доллар атрофида) солиб, уларга пора бермоқчи бўлган. Бу учовлон Таиланд собиқ бош вазири Таксин Чинават ва унинг рафиқаси манфаатларига хизмат қилишган.

Чуэнбан тайинланганидан уч ҳафтадан сўнг истеъфога чиққан. Собиқ бош вазир тадбиркор бўлгани учун вазирлик лавозимларига тайинловни тартибга солувчи қоидаларни яхши билмаслигини таъкидлаган. Бироқ суд Чуэнбан иши яхшигина шов-шув бўлгани сабабли бу баҳонани қабул қилмади.
Парламент янги бош вазирни сайлагунга қадар унинг вазифаларини бош вазир ўринбосари Пумтам Вечаячай бажаради.

Мавзуга алоқадор