Швейцарияда ҲАМАС фаолияти расман тақиқланди
Шу йилнинг 15 майидан бошлаб Швейцарияда ҲАМАС ҳаракати ва унга алоқадор ташкилотлар фаолияти расман тақиқланади. Бу қарор мамлакат Федерал кенгаши томонидан қабул қилиниб, расмий ҳукумат порталида эълон қилинди.
Қонуннинг асосий мақсади — ҲАМАСнинг мазкур фаолиятига қарши курашиш ва унинг Швейцария ҳудудида ҳар қандай шаклдаги қўллаб-қувватланишини олдини олишдир, дейилади қарор матнида.
Ҳужжат асосида ушбу ҳаракатга алоқадор шахслар ва тузилмаларга нисбатан жиноий жавобгарлик чораларини қўллаш осонлашади. Хусусан, уларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш, мавжуд бўлса, Швейцариядан чиқариб юбориш имконини берувчи профилактик чоралар жорий этилади.
Шунингдек, янги қонун ҲАМАС томонидан Швейсария молиявий тизимидан фойдаланиш эҳтимолини чеклашни ҳам кўзда тутади.
Федерал кенгашнинг баёнотига кўра, 19 апрел куни ушбу қонун бўйича референдум ташаббусини илгари суриш муддати якунлангани сабабли ҳужжат ҳеч қандай муқобил тўсиқларсиз кучга киради.
ТАСС келтирган маълумотда айтилишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши Яқин Шарқда юзага келган кескин ҳарбий-сиёсий вазият билан чамбарчас боғлиқ.