23.01.2025 16:14

Швейцария прокуратураси Исроил президентига қарши даъволарни кўриб чиқмоқда

Швейцария прокуратураси Исроил президенти Исаак Герцогга қарши “Ғазо секторида геноцидга чақириш”да айбланган бир неча даъволарни кўриб чиқмоқда. Бу даъволар нодавлат ташкилотлари томонидан Давос иқтисодий форумида Герцог сўзлаган нутқидан кейин билдирилган.

Ушбу даъволарнинг бири “Геноцидга қарши ҳуқуқий ҳаракат” ташкилоти томонидан киритилган бўлиб, унда Герцог Ғазо секторида геноцид ва уруш жиноятларини амалга оширишга чақиргани айтилади.

Исроил томонидан бу айбловлар рад этилди, уларга кўра, ҲАМАС жангчилари тинч аҳолини тирик қалқон сифатида ишлатган. Герцогнинг Давосдаги нутқи ва бу даъволар Швейцария прокуратурасининг текширувларига сабаб бўлган. Шу билан бирга, ўтган йили ҳам Герцогга қарши шу турдаги айбловлар билан прокуратурага мурожаат қилинган, аммо иш рад этилган.

Швейцария прокуратураси ҳозирда Герцогнинг дипломатик дахлсизлигини текширмоқда ва даъволарга оид тўлиқ тафсилотлар ошкор этилмаган.

Аввалроқ, Amnesty International янги ҳисоботида Исроил фаластинликларни геноцид қилишда айбланганди. Исроил ТИВ ушбу ҳисоботни ёлғон ва уйдирма деб эътироф этган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.