25.12.2024 10:05
815

Суриянинг Россиядаги элчиси: Сурияда бирор бир режим эмас, коррупция ва мафия тизими ҳукмрон эди

Суриянинг Россиядаги элчиси Башар ал-Жафарийнинг айтишича, ҳокимиятдан ағдарилган Башар Асад даврида Сурияда бирор бир режим эмас, балки коррупция ва мафия тизими ҳукмронлик қилган.

Жафарий Суриянинг Москвадаги элчихонасида қилган нутқи видеосини ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

Элчи Сурияда зулм тугаб, янги давр бошлангани, ёрқин келажакни ваъда қилганини айтди.

“Биз ушбу шиор билан янги йўлни – янги Ватан қуришни бошлаяпмиз. Юртимизни тинчлик ва севги билан тиклаймиз. Бизда давлат тузуми эмас, мафия тизими бор эди”, - деди у.

“Сурияда ҳеч қачон режим бўлмаган десам, ҳайрон бўларсиз. Агар у ерда режим бўлса, у ўзини ҳимоя қилган бўларди, мафия ва коррупция тизими мавжуд эди. Бу тизимда мамлакат манфаатлари шахсий мақсадларда фойдаланилгани боис унинг қулаши тез кечди”, — дея қўшимча қилди элчи.

Жафарий ўтмишдаги хатоларни такрорламасликка чақирди.

Элчи элчихоналар, олий ўқув юртлари ва бошқа муассасаларда ишлаётганлар ағдарилган тузумнинг хатолари учун жавобгар бўлмаслиги керак, деган фикрни илгари сурди.

Жаъфарий Сурия режимининг БМТдаги доимий вакили сифатидаги фаолияти ҳақида гапирар экан: “Мен БМТда ўз мамлакатим ва ватаним манфаатларини ҳимоя қилдим, аммо бу режим ёки раҳбари ҳақида эмас, айнан давлатимиз ҳақида эди. Бизнинг бирлигимиз муҳим эди, аммо шунинг учун мени Дамашқда танқид қилишди”,  деди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.