07.12.2023 14:38

Starbucks компаниясининг бозор қиймати 20 кун ичида 12 миллиард доллардан кўпроққа пасайди

АҚШнинг Starbucks компаниясининг бозор қиймати инвесторларнинг савдо ҳажми камайишидан хавотирда эканликлари ортидан  20 кун ичида 12 миллиард доллардан кўпроққа пасайди.

Компания акцияларининг сотилиши сезиларли даражада секинлашгани сабабли бир кун ичида акциялар нархи 1 фоизга арзонлашди ва компаниянинг 1992 йилдан буён оммавий сотилаётган ҳиссалари 12 кун ичида энг катта пасайишни қайд этди.

Шундай қилиб, Starbucks`нинг бозор қиймати 20 кун ичида 12 миллиард доллардан кўпроққа камайиб, 110 миллиард доллардан пастга тушди.

Компания АҚШнинг ўзида ҳам катта қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. 16 ноябрь куни мамлакатдаги юзлаб филиаллар ходимлари меҳнат шароитларини яхшилаш талаби билан иш ташлашга чиқди. Ўз мижозларига чегирмали маҳсулотлар тақдим этилган “Қизил кубок куни” минглаб ишчилар иш ташлаганидан буён компания акциялари ўз қийматининг 10 фоиздан ортиғини йўқотди.

Бошқа томондан, Starbucks ишчилар касаба уюшмасининг Х ижтимоий тармоғида "Фаластин билан бирдамлик!" чақириғи сабабли компания судга мурожаат қилишини билдиргани можарони авж олдирди. Компаниянинг ушбу қарори ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаралар билан бир қаторда, қатор бойкотларга ҳам сабабчи бўлди.

Шу билан бирга, Starbucks бош ижрочи директори Лаксман Нарасимхон Морган Станлей глобал истеъмолчилар ва чакана савдо конференциясидаги тақдимотида Хитойда сотувлар тикланиши кутилгандек бўлмаганини айтди.

Таҳлилчилар Хитойнинг Luckin Coffee қаҳвахоналар тармоғининг кучли талаб билан тез суръатларда ўсаётгани мамлакатда Starbucks учун рақобат босимини юзага келтирганини таъкидламоқда. Шу билар бирга, Luckin`нинг Хитойдаги муваффақияти бошқа қаҳвахоналар занжирларининг ҳам ушбу бозорга эътибор қаратишлари АҚШ компаниясини қийин аҳволга солиб қўйиши таъкидланди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.