30.05.2024 16:54

Словения ҳукумати Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди

Словения ҳукумати Фаластин давлатини тан олиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Аввалроқ мамлакат бош вазири Роберт Голоб ҳукумат пайшанба куни Фаластин давлатини тан олиш бўйича қарор қабул қилишини маълум қилган эди.

“Бугун Словения Республикаси ҳукумати Фаластиннинг мустақиллиги ва суверенитетини тан олиш таклифини қабул қилди ва уни Миллий Ассамблеяга юборди, — дейилади мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. — Фаластин мустақиллигини тан олиш орқали биз бошқа давлатларга Словения, Испания, Норвегия ва Ирландиядан ўрнак олиб, буни ўзлари қилишлари кераклиги ҳақида кучли сигнал юборяпмиз. Бу бизнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга қаратилган ҳаракатларимизга ҳам тўғри келади”. 

Қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинганидан кейин якуний тасдиқлаш учун парламентга тақдим этилади. Словения ташқи ишлар вазири Таня Фажон Фаластинни тан олиш бўйича парламент овози 4 июнь куни ўтказилиши мумкинлигини билдирди.

Ўтган ҳафта Норвегия, Ирландия ва Испания ҳам Фаластинни давлат сифатида тан олишини эълон қилган эди. 

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.