Саудия Арабистони 2012 йилда ёпилган Суриядаги элчихонасини расман қайта очди. Бу ҳақда Saudi Press Agency хабар берди.

“Дамашқдаги элчихонанинг қайта тикланиши икки давлат ва қардош халқлар ўртасидаги муносабатлар тарихидаги муҳим босқичдир”, - деди қиролликнинг вақтинчалик ишлар вакили Абдулла ал-Ҳорис.

Саудия Арабистонининг Сурия пойтахтидаги дипломатик миссияси душанба куни фаолиятнинг қайта тикланиши муносабати билан тантанали тадбир уюштирди, унда вазирлар, Суриянинг юқори мартабали амалдорлари ва Дамашқда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатлар ва бошқалар иштирок этди.

Саудия Арабистони ва Сурия 2023 йил май ойида дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олди. Ар-Риёддаги Дамашқ элчихонаси мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар нормаллашганидан бир неча ой ўтиб иш бошлади. Қиролликнинг Дамашқдаги дипломатик ваколатхонаси эса амалда 2024 йил бошидан бери фаолият кўрсатмоқда. Май ойида Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд Сейф бин Сауд ал-Мужфални қиролликнинг Суриядаги янги элчиси этиб тайинлаган эди.

Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан сўнг аксарият араб давлатлари Дамашқдан мухолифат фойдасига муросага эриша олмай, ўз элчиларини чақириб олган, республикани иқтисодий бойкот қилишга қўшилганди. Қатар, Саудия Арабистони ва бошқа бир қанча давлатлар можаро пайтида Сурия ҳукуматига қарши чиққан қуролли гуруҳларга молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатди.

Кейинчалик айрим давлатлар, жумладан, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари ва Уммон республика билан муносабатларни нормаллаштириб, Дамашқдаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятини тиклади.

2023 йил май ойида Сурия президенти Башар ал-Ассад 2010 йилдан бери биринчи марта Жидда шаҳрида ўтказилган Араб Давлатлари Лигаси саммитида иштирок этди. Бундан сал олдин Араб Лигаси Кенгаши араб республикасини 2011 йил ноябрида тўхтатилган минтақавий ташкилотга тўлақонли аъзоликка қайтаришга қарор қилди.

Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролик уруши давомида жами 115 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди, 20 миллион аҳолининг 13 миллиони қочқинга айланди.

Мавзуга алоқадор