Россияда 2024 йилнинг дастлабки 8 ойи давомида 13 йил ичида рекорд даражадаги оғир ва ўта оғир жиноятлар қайд этилган, деб ёзади «Вёстка» нашри Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб.

2024 йилнинг январь-август ойларида мамлакатда 403 537 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилган. Бундай кўрсаткич охирги марта 2011 йилнинг саккиз ойида қайд этилган эди. Ўшанда Россияда 426 минг шундай жиноят қайд этилган. Шундан кейин уларнинг сони ҳар йил саккиз ой ичида 400 мингдан ошмаган.

Оғир ва ўта оғир жиноятлар Россиянинг жанубий ва ғарбий ҳудудларида, шунингдек, Москва вилоятида айниқса ортган. Ушбу минтақаларда 16,4 мингта шундай жиноят содир этилган бўлса, 2021 йилнинг январь-август ойларида уларнинг сони 14,7 мингтани ташкил этган.

Украина билан чегарадош Брянск вилоятида 2024 йилнинг январидан августигача 2731 та оғир ва ўта оғир жиноят содир этилган. Адигеяда 2024 йилнинг саккиз ойида 1041 та жиноят қайд этилган, ваҳоланки сўнгги 15 йил ичида бу тоифадаги жиноятлар сони ҳеч қачон мингтага етмаган.

2024 йил январь-август ойларида Краснодар ўлкасида 15 йил ичида рекорд даражадаги оғир ва ўта оғир жиноятлар содир бўлди, Ростов вилоятида эса 14 йилдаги рекорд - 14 932 та жиноят қайд этилган.

2022 йилнинг кузида Россия ҳукумати Украина жабҳасида ҳарбийлар тақчиллиги шароитида қамоқхоналардаги узоқ муддатларга қамалган хавфли жиноятчиларни ёллашни бошлади. Урушда қатнашиш учун шартнома имзолаган маҳбуслар афв этилган ва озод қилинган.

BBC ва Медиазона маълумотларига кўра, биргина “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси таркибида Украинага қарши урушда қатнашгани учун 31 мингдан ортиқ маҳбус озод этилган. Бироқ бу статистик маълумотларга бошқа бўлинмаларда жанг қилган собиқ маҳбуслар сони киритилмаган.

Январь ойи охирига келибгина Украинада 6 ой урушган маҳбусларни озод қилиш шарти бекор қилиниб, ўрнига "шартли озодлик" белгиланди ва махсус ҳарбий операция тугагунига қадар хизмат қилиш мажбурияти жорий этилди.

Давлат Думаси аввалроқ Россияда собиқ маҳбуслар фронтдан қайтганидан кейин жиноий фаоллик кучайиши ҳақида огоҳлантирган эди. Бош прокурор Игор Краснов, ўз навбатида, урушнинг биринчи йилида ўта оғир жиноятлар сони 9,4 фоизга ўсиб, қарийб 125 минг ҳолатга етганини маълум қилди. 2023 йилда уларнинг сони 142 мингдан ошди, ваҳоланки 133 мингта бўлиши кутилаётганди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки беш ойида уюшган жиноий гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар сони урушдан олдинги 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 76 фоизга ошган ва 16,9 мингта ҳолатни ташкил этган.

Мавзуга алоқадор